Огоҳлантирилган бўлишига қарамай “йиғ-йиғлар” барҳам топмаяпти

0
94

– Таълим муассасаларида ҳар қандай пул йиғимлари ноқонунийдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов. – Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кузатув кенгашлари ташкил этилган. Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири ноқонуний пул йиғимларининг олдини олишдир.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги мактабларнинг бирида ота-оналар иштирокида ўқув йили якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда ота-оналарнинг ташаббуси билан юз минг сўмдан пул йиғиб синфхона ичини ремонт қилиш ҳақида келишиб олинди. Кимдир рози, яна кимдир норози. Аслида синфнинг ремонт қилиниши ҳақидаги гапларни ота-оналар қаердан оляпти?

Демак, кузатув кенгашлари фаолияти ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Қонун ҳужжатларига, турли ҳисоботларга кўра, мамлакатимиздаги барча мактаблар босқичма-босқич давлат томонидан таъмирланяпти. Амалда эса аксарият мактаблар ўқувчилар орқали ота-оналардан пул йиғилиб ўқитувчилар томонидан таъмирланмоқда. Давлат таълим муассасаларига пул ажратаётганда синфхоналарнинг таъмирини ҳисобга олмаётгани, фақатгина устки қисм таъмиринигина қилаётганини айтиб ёзғираётган педагоглар ва халқ таълими тизими вакиллари ҳақми?

Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, дейилгани ўз аҳамиятини йўқотяптими?

Яна бир мисол. Шу тумандаги мактабларнинг бирида синф ўқувчилари тоифаларга ажратилган ҳолда пул йиғимларига жалб этиляпти. Ўқитувчи индамайдиган, тўполон қилиб юқори ташкилотларга шикоят қилмайдиган оилаларнинг фарзандларига тўлов қилиниши керак бўлган пулни ёзиб бериб юборибди. Бунисига нима дейсиз?

Президентимизнинг 2017 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Мазкур жамғарма маблағлари умумтаълим мактаблар, коллеж ва лицейлар, шу жумладан, идоравий бўйсунувдагиларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, зарур ҳолларда ўқув корпусларини устахона ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончалари, бошқа инфратузилма объектларини барпо этишни молиялаштиришда ишлатилади.

Ким ҳақ? Мактаб учун эшикма-эшик сарсон бўлиб, гўё ўзи учун қарз сўраётгандек ялиниб-ёлвораётган мактаб директорларими? Ёки “кўп бўлса кетади, кам бўлса етади”, қабилида иш кўраётганларми? Балки ажратилаётган пуллар “туя” бўлаётгандир.

– Икки фарзандим бор, – дейди Йўлдош Мажидов. – 9- ва 7- синфни якунлаяпти. Улар йил давомида қўшимча дарсларга борди. Чунки мактаб таълими кўнгилдагидек бўлгани йўқ. Харажатларимиз етарли. Лекин йил якунида ремонтга деб фақат қизимнинг синфи учун сўрашибди. Бердик. Тенгдошларининг олдида уялмасин.

– Мактаб директори, ўқитувчилар мактабни жиҳозлаш, ремонт қилиш, мактаб ҳовлисини тозалаш каби ишларга аралашмасдан фақат таълим-тарбия сифатини оширишга эътибор қаратса, келажагимиз эгаларининг тақдири ишончли қўлларда бўлишидан қувонган бўлардик, – дейди Шаҳноза Элбекова. – Ўқитувчиларга ҳам қийин. Улар ўзига бириктирилган синфхоналарни чиройли қилиб оқлаб, янги ўқув йилига тайёрлаб қўйиши керак. Қачон ўқитувчиларимиз фақат ўз иши билан шуғулланади?

Барно Мелиқулова, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here