Тошкент – немис архитектори нигоҳида

0
88

Замонавий Тошкент ҳақида сўз борар экан, пойтахтнинг ўзига хос меъморчилиги шаҳар маданий тараққиётининг муҳим белгиси ҳисобланишини қайд этиш керак. Буларнинг бари асрий тамаддуннинг ажралмас қисми сифатида икки минг икки юз йилдан зиёд тарихий-маданий меросга асосланади.

Германиялик меъмор Петер Кнох Тошкент архитектурасини ана шундай нигоҳ билан кўради.

Петер Кнох Берлин санъат академияси битирувчиси, Санкт-Петербург санъат академияси стипендияси соҳиби. У бугунги кунда “Спектрум” халқаро инжиниринг компаниялари гуруҳининг Берлиндаги офисини бошқаради. Шу билан бирга, Петер дунё шаҳарлари меъморчилиги бўйича туркум китоблар муаллифи ҳамдир. “Спектрум” ҳомийлигида нашр этилган “Тошкент – немис архитектори нигоҳида” китоб-альбоми эса унинг навбатдаги ижодий иши.

Пойтахтимиздаги Гёте институтида мазкур китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда “Спектрум” ва меъморчилик соҳасида фаолият олиб бораётган маҳаллий компаниялар вакиллари, талабалар иштирок этди.

ed31d76a-9454-4f9d-bfe4-845916953494.jpg

Китоб-альбомга сўзбошини таниқли меъмор Александр Куранов ёзган. Китобда шаҳар меъморчилигининг тарихий даврлари ва бугунги анъаналари ҳақида сўз боради. Ундан Тошкент обидалари харитаси ҳам ўрин олган.

– Тошкент меъморчилиги тарихи ва бугунига бағишланган китоб яратиш ғояси “Tashkent sity” лойиҳаси бўйича ҳамкорлик бошлаганимизда туғилган, – дейди “Спектрум” бош директори Владимир Иванов. – Бугун ана шу ғоя амалга ошди. Тошкент гўзал шаҳар, унинг ўзига хос жозибаси бутун жаҳонни мафтун этган.

Китоб-альбомда Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Кўкалдош мадрасаси, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Рим-католик черкови, Ўзбекистон давлат академик Катта театри, Тошкент курантлари каби меъморчилик намуналари бор салобати, кўрки билан намоён бўлган.

– Тошкент – мафтункор шаҳар. Биз суратга олиш жараёнида юксак меъморчилик ютуқларини жо этган бинолар кўплигидан уларни танлаб олишга қийналдик, – дейди Петер Кнох. – Улар шаҳар меъморчилиги тарихи, бунёдкорлик услубларининг турли-туманлиги ҳақида сўзлайди. Пойтахтингизда тарихий-меъморчилик билан замонавий шаҳарсозлик уйғунлашиб кетган. Тошкент яна бир нарсаси билан мени ўзига мафтун қилди – бу унинг яшилликка бурканганидир. Мен жаҳоннинг кўплаб шаҳарлари архитектураси билан танишман. Улар орасида Тошкентдек яшиллик билан уйғунлашган мегаполислар кам.

Малоҳат ҲУСАНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here