259 моддий маданий мерос объектига жиддий зарар етган

0
58

Ўзбекистонга туристлар оқимини янада ошириш учун моддий маданий объектларнинг бугунги ҳолати ҳам катта роль ўйнайди, албатта. Шундан келиб чиқиб юртимиздаги археологик объектларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудлардаги моддий маданий мерос объектларни тўлиқ инвентаризация, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармойишига асосан ўтган йилнинг март-апрель ойларида Маданият вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда объектларни хатловдан ўтказди. Ушбу хатловда 259 объектга жиддий зарар етгани, очиқ айтсак, улар йўқотилгани аниқланди.

– Айрим объектлар 30-40 йил олдин бузилиб, уларнинг ўрнига янги бинолар қурилган бўлса ҳам ушбу объектлар рўйхатдан рўйхатга ўтиб келган, – дейди Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова. – Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси жамоатчилик назорати шаклида объектларни ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида тўлиқ қайта хатловдан ўтказди. Бунда партия томонидан 5 минг 287 объект бўйича далолатнома тузилган ва 45 минг фото материал тўпланди. Натижада 827 объект топилмагани ва 381 объект авария ҳолатида экани ҳақида ахборот тақдим қилинди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-бобида белгиланган объектларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва тасарруф этиш қоидалари жойларда қўпол равишда бузилган. Масалан, республика бўйича 78 маданий мерос объекти ноқонуний эгаллаб олингани ёки маҳаллий ҳокимликлар томонидан турли мақсадлар учун бериб юборилишига йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, Қамаши тумани ҳокимининг қарори билан “Қамайтепа” археология ёдгорлигининг 11 гектар ҳудуди балиқчилик учун бериб юборилган. Косон туманидаги “Ерқўрғон” археология объекти фермер хўжалиги томонидан ноқонуний равишда ўзлаштириб олинган. Бухоро шаҳридаги Абдулазизхон мадрасаси яқинида ер қазиш ишлари оқибатида, тарихий ёдгорлик деворининг бир қисми қулаб тушган. Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний равишда шахсий уй-жой қурилган. Шу билан бирга, 310 объектда биринчи навбатда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб бориш зарурлиги маълум бўлди. Тарихий-маданий қимматига кўра, давлат муҳофазасига олиниши лозим бўлган 407 объект топилди. Бу ҳам вазият фавқулодда ҳолат даражасида ўткир эканини кўрсатади.

Албатта, бу каби тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилда Маданият вазирлиги ҳузурида ихтисослашган махсус реставрация-тиклаш илмий-тадқиқот тузилмаси ташкил этилади. 2019 йилдан реставратор-усталарни малакасини ошириш ва уларга малака сертификатини бериш тизими йўлга қўйилади.

– Ҳар бир маданий мерос объектидан ҳар куни хабардор бўлишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаяпти, – дейди Камола Акилова. – Шундан келиб чиқиб, ҳурматли ҳокимларимиз, маҳалла фаолларимиз билан биргаликда ҳар бир объектга ихтиёрий ва кўнгилли равишда кўпни кўрган, тарихга қизиқадиган тажрибали одамлар жамоатчи инспектор сифатида бириктирилмоқда. Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини ҳудудларда амалга ошириш дастурларига асосан жорий йилда 8 минг нафарга яқин жамоатчи инспектор фаолияти ташкил қилинади. Жамоатчи инспекторларни қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб борсак, ўйлайманки, бу фидоий юртдошларимизнинг катта бир жамоатчилик ҳаракатига айланади ва ўз самарасини беради.

Мутахассиснинг маълум қилишича, шу йил амалдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари танқидий қайта кўриб чиқилади ҳамда маданий мерос объектлари бўйича ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

2020 йил якунигача олимлар ва мутахассислар иштирокида барча моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказилади.

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказларига ҳар қандай салбий таъсирнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ушбу ҳудудларда ердан фойдаланиш ва шаҳарсозлик режими белгиланади. Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой маданий меросини халқаро миқёсда эътироф этилишига эришиш мақсадида Буюк ипак йўлининг мамлакатимиздан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида, шу билан бирга, “Саҳродаги қасрлар”, “Хонбанди”, “Сармишсой қоятош расмлари”, “Зараутсой қоятош расмлари”, “Қадимий Термиз” объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш режалаштирилган.

2019 йил 1 майга қадар 100 та объектга электрон қайд этиш ва видеокузатув тизими ўрнатилди. Қолган 50 та объектга йил давомида ўрнатилади. Чипталарга нархларни шакллантириш ва келиб тушган маблағлар сарфланишининг шаффоф тизим яратилади. 3 йилда Чилонзор Оқтепа, Мингтепа, Ерқўрғон, Қува шаҳристони, Канка археология ёдгорликлари очиқ осмон остидаги музей ташкил қилинади.

Далварзинтепа ва Фаёзтепа, Афросиёб, Нурота қалъаси ва Пойкент каби 50 та археология ёдгорлигининг 3D модели яратилади. “Ўзбекистон маданий мероси” энциклопедияси нашр этилади. 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here