Билмайин босдим тиканни…

0
176

Бағрикенглик 

Президентимизнинг 2019 йил 3 июндаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонини халқимиз ниҳоятда катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, афв этилган фуқароларни ҳаётга қайтариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида Қашқадарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев бир гуруҳ афв этилган фуқароларни қабул қилди ва улар билан юзма-юз гаплашиб, муаммоларини тинглади. Ҳаётда ўз ўрнини топиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Масалан, китоблик Нодирбек Раҳматов 27 ёшда йўлдан адашиб, турли бузғунчи оқимларга қўшилиб қолгани боис умрининг энг гуллаган уч йилини маҳкумликда ўтказишига тўғри келди. Бу муддат ичида у қилган хатоларини тушуниб етди. Чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, афв этишларини сўради. Озодликка чиқиб, оиласи бағрига қайтди. Мулоқотда у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдириб, кредит маблағи сўради. Вилоят мутасаддилари унинг илтимосини ўрганиб чиқиш ва ижобий ҳал этишга ваъда берди.

– Президентимиздан бениҳоя миннатдормиз, бизни ҳаётга қайтарди, – дейди Н.Раҳматов. – Энди ҳеч қачон йўлимдан адашмайман. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. Менга билдирилган бу ишончни оқлайман. Ҳалол ишлаб, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Мана бугунги қабулда чорвачиликни ривожлантириш учун 10 миллион сўм кредит сўрадим. Вилоят ҳокими мурожаатимни ҳал қилиб берди. Бу пулга қўй сотиб оламан. Тадбиркорлик қилиб, оилам фаровонлиги йўлида сидқидилдан ишлайман. 

Ҳаётда ҳамма ҳам адашади, қоқилади. Кўпчилик бундай тўсиқларни ирода ва қатъият билан енгиб ўтади, кимдир енгилроқ йўл ахтаради. Лекин ҳаммамиз ҳам инсон. Сен ёмонсан дея, юзига қора бўёқ чаплаб, маҳкумликка банди этиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмас экан. Кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос азалий қадрият. Китоблик Умиджон Гадоев ҳам ҳаётнинг мана шундай ўнқир-чўнқир йўлларида адашганлардан. Хорижга ишлашга кетиб, ёвуз ниятли оқимлар таъсирига тушиб қолди. Шу туфайли 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан у ҳам кечирилди. Муддатидан 3 йилу 15 кун олдин оиласи даврасига қайтди.

– Ҳаётимда янги саҳифа очилди, – дейди У.Гадоев. – Ота-онам эрта ўтиб кетишган. Бир синглим бор эди. У ҳам турмушга чиқиб кетибди. Мен йўқлигимда ҳовлимиз эгасизликдан қаровсиз ҳолга келиб қолибди. Биринчи навбатда уйни таъмирлаб, янги уй соламан. Кейин уйланиб, оила қураман. Бугун вилоят ҳокими билан учрашувда чорва қилиш учун кредит ва ер сўрадим. Бу масала шу ернинг ўзида ҳал бўлди. 2 гектар ер ва 30 миллион сўм маблағ ажратилди. Уйимни ҳам таъмирлашга ёрдам бериладиган бўлди. Рости, ҳаётимда бўлаётган бундай хайрли ишларга ҳали ҳам ишонгим келмаяпти. Президентимизнинг бағрикенглиги туфайли афв этилиб, озодликка чиқишим, қолаверса, чорва парвариши учун ер, маблағ берилиши, уйимизнинг таъмирланиши худди тушга ўхшайди. Бундай ғамхўрликларни кўриб, қилган хатоимдан шу қадар пушаймонманки, виждоним олдида ҳамон ҳисоб бераяпман. Давлатимиз раҳбарининг бизга билдирган ишончларини албатта оқлайман.

Мулоқот давомида 23 нафар афв этилган фуқаро қабул қилинди ва деярли барчасининг мурожаати ижобий ҳал этилиб, муаммо ва камчиликлари бартараф этилди.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here