Халқаро меҳнат ташкилоти 100 ёшда

0
52

Жорий йилда БМТнинг ихтисослашган тармоқларидан бири – Халқаро меҳнат ташкилоти ташкил этилганига юз йил тўлди.

1919 йилда Версаль тинчлик шартномаси имзоланиши доирасида тузилган ташкилотнинг фаолияти асосан дунё аҳолисининг доимий бандлигини таъминлаш, ишчи гуруҳ қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ва дунёда ижтимоий тенгликни барқарор жорий этиш орқали тинчликни сақлашга ҳисса қўшишга қаратилган. Бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган ташкилотга аъзо давлатлар сони ҳозирги кунда 187 тага етган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ХМТга аъзо давлатлар қаторига қўшилиб, бугунги кунгача ушбу ташкилотнинг 14 конвенциясини ратифицикация қилган. Хусусан, Мажбурий меҳнат тўғрисида, Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақида, Байрам кунларига ҳақ тўлаш ҳақида, Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида, Бирлашиш эркинлиги ҳақидаги, Бажарилган меҳнат учун бир хил маош тўлови ҳақидаги, Оналикни ҳимоя қилиш ҳақидаги, Мажбурий меҳнатни йўқотиш тўғрисидаги, Дискриминация ҳақидаги, Бандлик сиёсати ҳақидаги, Меҳнаткашларнинг вакиллари ҳақидаги, Коллектив шартномалар ҳақидаги, Ишга олишда минимал ёш ҳақидаги, Болалар меҳнатини энг ёмон формаларини таъқиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақидаги конвенциялар шулар жумласидандир.

Жорий йилда ташкилотнинг 100 йилликда эришган ютуқлари, фаолиятининг инсоният ҳаётидаги аҳамияти эътирофи сифатида дунёнинг кўплаб давлатларида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Юз йиллик тантананинг илк тадбири жорий йилнинг 22 январида ташкил этилган “Меҳнатнинг келажак олами” мавзусидаги ҳисоботлар тақдимоти бўлиб, унда ташкилотга аъзо давлат вакилларининг минтақаларда ҳар бир инсон учун муносиб ва барқарор иш ўрни яратишга доир олиб борилаётган чора-тадбирларига оид ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботлар 10-21 июнь кунлари ташкилотнинг Женевада бўлиб ўтаётган Халқаро конференциясида муҳокама қилиниши режалаштирилган. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фол иштирок этмоқда. Ташкилотнинг ахборот хизмати порталида келтирилишича, ушбу конференцияда, шунингдек, мажбурий меҳнатга қарши курашишга қаратилган янги қонун меъёрлари тасдиқланиши кутилмоқда.

11 апрелда ташкилот томонидан дунёнинг турли мамлакатлари журналистлари учун “Бутунжаҳон онлайн тур” ташкил этилган эди. Онлайн саёҳат доирасида иштирокчилар ташкилотнинг 100 йиллик фаолияти билан таништирилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти ташкил этилгани ҳамда Версаль шартномаси имзоланганининг 100 йиллик байрами тантаналари жорий йилнинг 26-28 июнь кунлари Париж шаҳрида ўтказилади. Унда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг сиёсий вакиллари, фан арбоблари, зиёлилар, олимлар, журналистлар ва ижтимоий қатламнинг турли соҳа вакиллари иштирок этади.

Ташкилотнинг юз йиллик тантаналари доирасида, шунингдек, жорий йилнинг 24-29 ноябрида ташкилот Бош қароргоҳида ижтимоий ҳимоя шиори остида “Юз йиллик ижтимоий таъминот: умуминсоний ҳимояга йўл” мавзусида ҳафталик ташкил этилади.

Ўзбекистонда ҳам БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда, юбилей доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here