Пуллик бепул мактаблар ва СССРнинг Америкага ёрдами ҳақида

0
920

Етти ёшга кирмаган болаларни биринчи синфга қабул қилиш пуллик бўлганини ҳамма эшитган бўлса керак. Ижтимоий тармоқларда яна баҳслар. Кўпчилик хафа: одатдагидай, босиқ фикр билдириш ёки таҳлил қилиб кўриш ўрнига ғазаб билан давлатни пулга ўчликда айблаш авжига чиққан. Кимлардир янгиликни ёқлаб ҳам чиқди. Масалан, Фарҳод ака сифат керак бўлса, марҳамат, пул тўлаб қўйинг деяптилар.

Ҳар қандай муаммони ўйлаб, таҳлил билан ҳал қилиш тарафдориман. Айни пайтда, Фарҳод аканинг ҳам фикрига юз фоиз қўшилмайман: таълимга a priori қандайдир сифат талаби қўйилиши керак. Ҳаммаёқ сифатсиз бўлиб, сифат учун пул талаб қилиш адолатсизлик бўлади. Бозор иқтисодиёти дейдиган бўлсак, бизда бозор иқтисодиёти ҳам “буксовать” қилиб ётибди. Унинг асосий механизмларини жорий қилиб, кейин пуллик таълимни ўйласак ярашади. Ҳаммаёқ коррупция, монополия ва таниш-билишчилик бўлиб ётган жамиятда ҳукумат бу муаммоларни ҳал қилиш ўрнига майда-чуйдага ёпишиб, ўша ерда қонунийликни талаб қилса (ўзидан эмас, фуқаролардан) жуда кулгили туюларкан.

Хуллас, ҳар хил фикрлар ва таклифлар айтиляпти. Аммо булардан фойда кўрмаяпман. Гап шундаки, икки-уч йил олдин қўрқмай танқидий фикр айтилишининг ўзи каттакон жасорат, буюк ўзгариш эди. Лекин энди бу камлик қиляпти. Танқидинг керакли манзилга етиб бормас экан, инобатга олинмас экан, давлат институтлари қониқарли ишламас экан, суд, парламент вазифасини бажармас экан, сиёсий рақобат бўлмас экан, жиддий ўзгаришлар ҳам бўлмайди. Мана мактаб мавзуси босилиб улгурмасдан пойабзалми, яна бир бало учун божларни оширишди. Халқдан узилиб қолган ҳокимият мана шунақа ҳаракат қилади – ўзи билганича ишлайди, ўз манфаатларини кун тартибига қўяди.

Шу ўринда бир қизиқ факт ёдга тушди. СССРни кўп танқид қиламиз, аммо у дунёдаги кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлганини унутиб қўямиз. Пенсия, пособие (нафақа), саккиз соатлик иш куни, декрет ва ҳ.к. – булар биринчи СССРда жорий этилган. Қолаверса, СССР мавжудлигининг ўзиёқ бутун дунёда сўл ҳаракатларга улкан куч бағишлаган. Ҳали 60-70-йилларгача АҚШда капиталистлар инсон манфаатларига тупуриб, одамларни ўлгудай ишлатиб, ҳар қанақасига фойда кўриш пайида эди. АҚШдай ривожланган давлатда 50 йилгина муқаддам ирқчилик айни авжида бўлганига ишониш қийин. Лекин сўл ҳаракатларнинг уринишлари билан вазият ўзгарди. Иш ташлашлар, ҳукуматга ўтказилган улкан босим натижасида социал ҳаёт яхшиланди, капиталистларнинг нафси бироз тинчланди. Юз минглаб ишчилар ва камбағалларнинг ҳаракатлари, ҳукуматга ва бойларга ўтказган босимлари билан ирқчилик йўқ бўлди, оддий ишчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилина бошланди, ҳаётда кўпгина ижобий ўзгаришлар рўй берди. Шу тариқа, СССР ўзи хоҳламаса ҳам Америка халқига катта ёрдам берди.

Мана шунақа. Рақиб, турткилаб турадиган кимдир бўлса, ҳаракат қиласан, ўз устингда ишлайсан. Рақиб бўлгани ҳам яхши экан.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here