Сурхондарёда 220 нафар ўқувчи 11-синфни олтин медаль билан битирди

0
96

Термиз шаҳридаги Санъат саройида Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битирган бир гуруҳ ўқувчилар тантанали тақдирланди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар тарафлама баркамол, чуқур билимга эга ёш авлодни тарбиялаб, камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим тизими қайта йўлга қўйилгани, энг билимли, иқтидорли ўқувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш жорий этилгани ҳам бунга яққол далилдир.

Жорий ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 26 минг 750 йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Уларнинг 220 нафари олтин ва 181 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Тадбирда олтин ва кумуш медаллар, вилоят ҳокимлигининг совғалари тантанали топширилди. Мукофотланганлар сафида Узун туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси С.Раҳматуллаев ҳам бор.

– Таълим муассасамизда биз, ёшларнинг замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришимиз учун барча шароит яратилган, – дейди С.Раҳматуллаев. – Фақат қунт билан ўқиш керак. Мактабда олган билимларимиз давлатимиз томонидан юқори баҳоланганидан фахрланамиз. Бу бизнинг Ватанимиз тараққиёти учун келажакда амалга оширадиган меҳнатларимизга берилган мукофот, деб биламан. Болаликдан иқтисодчи бўлишга қизиқаман. Шу мақсадда ўқиб, изланиб, бу ишончни албатта оқлайман.

Фарзандларининг таълим муассасасида эришган ютуқлари муносиб рағбатлантирилганидан ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз.

– Қизим Меҳрангиз бу йил Термиз шаҳридаги 13-умумтаълим мактабининг 11-синфини аъло баҳоларга тугатди, – дейди Х. Сайидалиев. – Унинг олган билимлари олтин медалга муносиб кўрилганини эшитиб, беҳад суюндик. Чунки, ота-она учун фарзандининг бахту камолини кўриб, ютуқларидан қувониб яшашнинг ўзи катта бахт. Ўғил-қизларимизнинг соғлом, маънавий етук ва чуқур билимли бўлиб, вояга етишида кўрсатилаётган бундай эътибор учун давлатимиз ва устозларидан миннатдормиз.

Тадбирда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олган ўқитувчилар ҳамда жорий йилнинг 6-11 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган республика фан олимпиадасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчилар ҳам муносиб шарафланиб, уларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбир доирасида Санъат саройи файесида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бўйича кўргазмалар ташкил этилди.

Иштирокчилар вилоятнинг муқаддас обидаларини зиёрат қилиб, Термиз археология музейи ва Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази билан яқиндан танишди. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here