Жорий йилда 1-синфга қабул пулли бўлмайди, лекин ҳамма ўз микроҳудудидаги мактабга чиқади

0
258

Тошкентдаги 81 та талабгир мактабга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион чораларининг ижросини таъминлаш йўли топилмагунча, бу мактабларга қабулда ҳозирча пул олинмайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз Facebook саҳифасида эълон қилди.

“Қарор чиққани билан (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарори назарда тутилмоқда – таҳр.) унинг ижро механизмлари, тегишли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга ва тўғри ишлашини текширишга, айниқса тўлов билан боғлиқ тизимларга қанчадир вақт кетади, шунга ҳозир фақат бепул қабул амалга оширилади”, – дейилади вазирнинг хабарида.


Баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган қарор тарихи: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда тажриба ўтказилмоқда. Унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.

Ҳужжат эълон қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик турлича қарши олинди. Кимлардир бу шу пайтгача амалда бўлиб келган коррупцион усулларга зарба беришини айтиб олқишлаган бўлса, айрим фойдаланувчилар бунга қарши чиқишди.

Шерзод Шерматовнинг ўзи ҳам қарорда кўзда тутилган янги тизим бўйича бир неча бор тушунтиришлар берди. Вазир ўз чиқишларидан бирида нуфузли мактабларга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион механизмини батафсил изоҳлаган бўлса, иккинчисида самарали ишлаётган директорларни қўллаб-қувватлаш эвазига коррупцияга барҳам бериш йўлларини айтган. Шунингдек, у талабгир мактабларга бошқа микроҳудудлардан таниш-билиш орқали болалар қабул қилингани сабабли 28 мингдан ортиқ бола ўз микроҳудудидаги мактабга кира олмай, бошқа мактабларда ўқишга мажбур бўлаётганини ошкор қилган эди.

Пул билан бўлмаса, болани энди қандай бу талабгир мактабларга жойлаштириш мумкин бўлади: қисқа жавоб, ҳеч қандай. Вазир “престижний” мактабга болани жойлаштириш учун таниш-билиш ёки пул қидирмасликни тавсия этган.

Талабгир мактабларга юкламани камайтириш мақсадида энди биринчи синф ўқувчилари фақат ўзи яшайдиган микроҳудуддаги мактабга қабул қилинади.

  • Ушбу мактабларга юклама ҳақиқатан ҳам катта. Пойтахтдаги жами мактаб сонининг 26 фоизини ташкил этган ушбу 81 та талабгир мактабда Тошкентдаги ўқувчиларнинг деярли ярми (43,4 фоизи) ўқир экан.

Вазирнинг ёзишича, АОКАда 19 июнда бўлиб ўтадиган пресс-брифингда барча масалаларга тўлиқ ойдинлик киритилади.

Шерзод Шерматовнинг ўз изоҳида шунингдек халқ таълимига пул ажратилмаётгани учун вазирлик “пулни халқдан ундираётгани” ҳақидаги иддаоларга раддия берди.

“Тошкентдаги 81 та мактабнинг биринчи синфига қабул жараёнининг янги тизимини жорий этишнинг ижобий тарафлари қолиб, баъзилар “қабул пулли бўлди” деб нотўғри талқинга ўтиб кетди. Натижада “ҳукумат мактабларга пул ажратмяпти”, “аҳолидан пул йиғишга ўтиб кетилаяпти” ва ҳ. каби нотўғри изоҳлар кўпайиб кетгани учун ушбу масалага бироз ойдинлик киритиб қўйишни мақсадга мувофиқ деб ўйладим”.

Вазирнинг айтишича, пул ажратилаяпти. Ажратилаётганда ҳам катта пул ажратилаяпти:

  • Тошкент шаҳридаги мактаблар аҳволини яхшилаш учун 2019 – 2020-йилларда қўшимча 800 млрд сўм ажратилган.
  • Сергелида янги қурилаётган даҳаларда 4 та янги, 1580 ўринли мактабни қуриш бўйича 100 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилиб, қурилиш бошланган.
  • Бу миқдор бир йилнинг ўзида охирги 5 йилда инвестиция дастурлари доирасида таълимга ажратилган миқдордан деярли икки маротаба кўпдир.
  • Шерматов янги тизим ва ижтимоий тармоқлардаги танқид асосан Тошкент шаҳрига боғлиқ бўлгани учун фақат Тошкент шаҳридаги мактабларга ажратилган маблағларга тўхталганини ёзади. Унга кўра республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам мактабларнинг аҳволини ўнглаш учун анчагина қўшимча маблағлар ажратилмоқда.

Халқ таълими вазирининг таъкидлашича, талабгир деб айтилаётган мактабларда таълим сифати яхши, қолганларида ёмон деган иддаолар ҳам асоссиз.

“Синфда 40-50 нафар ўқувчи бўлса, уларнинг орасида таълим тилини билмайдиганлари тушунмай ўтирса, қандай сифат бўлсин?”, – дейди у.

Республика олимпиадаси ғолибларининг атиги 9 фоизи ушбу талабгир мактабларга тўғри келаяпти. Шу боис бошқа мактабларда таълим сифати ёмон деган иддао умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Таълим сифатини объектив баҳолаш бўйича ишлаб чиқилаётган янги тизим жорий этилсагина қайси мактабда таълим сифати юқори эканлиги аниқ бўлади”, – деб хулоса қилган Шерзод Шерматов.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here