АҚШ компанияси Жиззахда яна бир цемент заводи қуришга 300 миллион сарфламоқчи

0
125

АҚШнинг «Alfa Eco Corporation» МЧЖ компанияси Жиззах вилояти Зафаробод, Фориш, Бахмал туманларининг бирида цемент заводи қурмоқчи.

Жорий йилнинг 10 июль куни Жиззах вилояти ҳокимлигида Америка Қўшма Штатларининг «Alfa Eco Corporation» МЧЖ компанияси бошқарувчиси Фима Потик ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев ўртасида учрашуви бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилояти Зафаробод, Фориш, Бахмал туманларининг бирида барпо этилиши мумкин бўлган цемент заводи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Alfa Eco Corporation» МЧЖ — тўғридан-тўғри инвестициялар фондига эга бўлган хусусий бизнес ташкилотидир. Компания соғлиқни сақлаш, муқобил энергия ва энергетик ечимлар, инновацион технологиялар, хавфсизлик ечимлари, металлургия ва тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилишни ривожлантириш каби соҳаларда фаолият олиб боради.

Альфа Эко 1989 йилда ташкил этилган. Ушбу компания Жиззах вилоятида 2020 йилнинг сўнгига қадар цемент заводини ишга туширишни режалаштирмоқда. Лойиҳа муддати 18 ой давомида амалга оширилиши компания вакиллари томонидан таъкидланди.

Лойиҳа доирасида умумий қиймати 300 млн. АҚШ долл. тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш эвазига 800−1000 та ишчи ўрни яратилиши режалаштирилмоқда. Завод қурилиши учун хомашё билан биргаликда 200 гектар инфратузилмавий шароитга эга ер майдонига эҳтиёж борлиги музокаралар давомида компания вакиллари томонидан билдирилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддилари томонидан Зафаробод, Фориш, Бахмал туманларининг ҳудудларида лойиҳа учун мос ер майдонларини кўздан кечириш таклиф этилди.

Учрашув сўнгида компания бошқарувчиси томонидан Зафаробод туманига шу куннинг ўзида ташриф уюштириш ва у ердаги ер майдонларини кўздан кечириш истаги борлиги билдирилди.

Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимлиги лойиҳага оид муаммоларни биргаликда бартараф этиш ва амалга татбиқ этиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилиши айтиб ўтилди.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here