Депутат: «Кўчмас мулкни турар жой қуриш учун бузиш давлат ва жамият эҳтиёжига кирмайди»

0
127

Мурожаатлар таҳлили жойларда давлат ва жамият эҳтиёжи учун кўп қаватли уй-жой қурамиз, деган асос билан компенсация ва зарарлар қопланмай туриб юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулклари оммавий равишда бузиб ташланиш ҳолатлари авж олиб бораётганлигини кўрсатмоқда, деб ёзади депутат Расул Кушербаев Facebook’даги саҳифасида.

“Афсуски, бу тизимли касб этиб боряпти. Бироқ ҳеч қачон ёддан чиқармайликки, аҳоли учун кўп қаватли уй-жой қуриш давлат ва жамият эҳтиёжига кирмайди.

Шу ўринда, халқимиз суянчига айланган Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси билан ўзбошимчалик билан фуқароларнинг кўчмас мулклари бузилишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган бир нечта норматив ҳужжатларни эслатиб ўтмоқчиман. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.08.2018 йилдаги ПФ-5495-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-бандида 2018 йил 1 сентябрдан:

– давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши;

– ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши;

– жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгиланган.

Фармоннинг 3-бандида эса давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилиши белгиланган:

– мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

– халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

– фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

– автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

– аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Шунингдек, Ер кодекси, Шаҳарсозлик кодексидан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низом”нинг 3-1 бандида ҳам ушбу талаблар келтириб ўтилган. 

Турар-жой қурмоқчи бўлган томон мулк эгаси билан келишиб, мулк эгаси ихтиёрий (зўрлик билан эмас) рози бўлганда тақдирдагина мулк бузилиши мумкин. Судларимиз бунга алоҳида эътибор қаратишлари керак.

Бундан кўриниб турибдики, айрим ҳоким ва масъулларнинг “бу жойга турар жой қиламан, палончи фирма қуриб беради, мен қонун, мен фармон, мен қарорман, истаган ерингга бор”, дея олиб бораётган баъзи “буз-буз” ишлари аввало мамлакат Президенти, Конституция ва қонунларнинг кафолатчиси олиб бораётган сиёсатга зид, қонунларни оёқости қилиш ва ўз халқига беҳурматлик билан баробардир”, – деб ёзади Р.Кушербаев.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here