Франция экология вазири дабдабали зиёфатлар туфайли истеъфога чиқди

0
65

Бир ҳафта давом этган можаролардан сўнг Франция экология вазири истеъфога кетди. Маълумки, Франсуа де Рюжи солиқ тўловчиларнинг пулларини суиистеъмол қилганликда айбланган эди.

Амалдор меҳмонлар учун ташкил этилган оқшомги зиёфатларга катта миқдорда пуллар сарфлаган, таомномада олий навли француз винолари бўлган.

Де Рюжининг ўзи “фуқаролик жамияти билан учрашув” эканлигини айтиб, бу каби тадбирларни уюштириш ҳуқуқига эга эканлигини айтмоқда. Истеъфога чиқиш борасида ариза берган вазир “медиа линчи“нинг қурбонига айланганини таъкидлади.

Mediapart суриштирув нашри эътибор қаратган сарф-харажатлар де Рюжи Франция миллий йиғини раиси бўлиб ишлаган даврга тааллуқлидир. Банкетларнинг катта қисми Парижда бўлиб ўтган, уларни гўёки сиёсатчининг рафиқаси, Gala гламур нашрининг журналисти уюштирган.

Зиёфатларда тарқатилган айрим виноларнинг баҳоси, ОАВ маълумотларига кўра, бир шишаси 500 еврогача етган. Бундан ташқари бу каби зиёфатларда меҳмонлар қимматбаҳо турли овқатлар билан сийланган, мана шу ҳолат экология фаолларининг норозиликларига сабаб бўлди. Уларнинг таъкидлашича, экология вазири лавозимини ноёб денгиз жониворини тановул қиладиган инсон эгаллаши керак эмас экан.

Кейинчалик маълум бўлишича, Франсуа де Рюжи бюджет маблағларидан ўзининг 63 минг еврога тенг хизмат хонасини таъмирлашда ҳам фойдаланган. Бундан ташқари сиёсатчи Франция жанубидаги Нант шаҳрида давлатга тегишли уй-жойни имтиёзли ижарага олган.

Франсуа де Рюжи нашрдаги фактлар юзасидан туҳмат қилиш бўйича даъво аризаси беришини маълум қилди. “Ўтган ҳафта бошларида Mediapart менга ҳужум қилди, у ўғирланган суратлар, миш-мишлар, менинг фаолиятим билан боғлиқ бўлмаган факт ва умумлаштирмаларга таянди“, – дея таъкидлайди вазир.

Ўз навбатида Mediapart эълон қилинган маълумотлар оммавий аҳамиятга эга эканлигини ва сиёсатчиларнинг фаолияти, даромадлари ва можаролари жамият томонидан назорат қилиб турилиши кераклигини таъкидлайди.

ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here