15 мингга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлари аниқланди

0
57

Сурхондарё вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва кўникмасини ошириш юзасидан тўртта ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳудудларда махсус рейдлар ўтказилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.Сотволдиев ташаббуси билан ташкил этилган ишчи гуруҳ жорий йил июль ойи бошидан фаолият юритаётир. Вилоят ИИБ ва соҳавий хизмат ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ва маҳалла фуқаролар йиғини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, йўл қурилиши, автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вакилларидан иборат гуруҳларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари раҳбарлик қилмоқда.

Ўтган қисқа даврда ишчи гуруҳлар томонидан 15 мингга яқин йўл ҳаракати билан боғлиқ қоидабузарлик аниқланиб, ҳайдовчиларнинг бу ҳаракатларига қонунда белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди. Содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларининг 11 мингга яқини қўпол қоидабузарликлар, 97 тасини транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ қоидабузарликлар ташкил этди.

– Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун масъул ходимлар аҳоли гавжум ҳудудларда йўл ҳаракати иштирокчиларига йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Йўл белгилари ўрганилиб, тартибга келтирилаётир. Носоз йўлларни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир ҳудудда ўтказилган махсус рейд якунида қоидабузарликлар акс этган видеолавҳалар намойиш этилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этиляпти.

Ҳар бир маҳаллада ҳайдовчилар билан учрашувлар ўтказилиб, таклиф ва муаммолари ўрганилаётгани аҳамиятлидир. Ўртага ташланаётган муҳим масалаларнинг ечимини топиш чоралари кўрилаётир. Масалан, Жарқўрғон туманидаги Арслонбойли маҳалласида ўтказилган ана шундай тадбирда ҳайдовчи ва йўловчилар маҳалла ҳудудидаги халқаро аҳамиятга эга йўлнинг пиёдалар серқатнов жойига махсус йўл белгиси ўрнатиш таклифини ўртага ташлади. Бу масала тегишли тартибда ўрганилиб, мазкур ҳудудга туман ҳокимининг қарори билан махсус йўл белгиси ўрнатилди. Пиёдалар ўтиш йўлакчаси чизилди.

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вилоятда йўл ҳаракати қоидабузарликлари сезиларли даражада камайган. Жумладан, ўтган йил билан солиштирганда тан жароҳати олиш 19 тага, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар тўрттага камайгани қайд этилди.

Вилоят ҳудудида ҳамкорликдаги махсус рейдлар давом этмоқда.

Х.МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here