Вазирлик ва қўмита сенаторларга ҳисобот берди

0
128

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сув хўжалиги вазирлигининг жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширган ишлари, келгуси режалар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳудудларни, иқтисодиёт тармоқларини сув ресурслари билан барқарор ва оқилона таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида самарали ишлар бажарилмоқда. Бунда ирригация тизимлари, сув омборлари, насос станциялари ва бошқа гидротехника иншоотларининг ишончли ишлашини таъминлашга, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларини муҳофаза қилишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, вазирлик томонидан 2019 йилда амалга оширилиши зарур бўлган 11 асосий мезон асосида 38 вазифа белгилаб олинган. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилиши белгиланган вазифаларнинг аксарияти амалга оширилган.

15.jpg

Жорий йилда 12 минг гектардан зиёд пахта етиштириладиган майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 199 пахта хомашёси етиштирувчи, шундан 188 фермер хўжалиги ва 11 кластер ташкилотининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. 10 минг гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ҳозирги кунда суғориш ишлари олиб борилмоқда.

2019 йилнинг январь-июль ойларида 345 ирригация объектида 866,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. 379,1 километр каналлар, 63,2 километр лоток тармоқлари, 28 дона гидротехника иншооти, 19 суғориш қудуғи, 5,3 километр босимли қувурлар алмаштирилди. Сув хўжалиги ташкилотларини замонавий сув сарфини ўлчаш асбоблари билан таъминлаш бўйича бугунги кундаги 350 талабдан келиб чиқиб 70 сув ўлчаш асбоби сотиб олинмоқда.

16.jpg

Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 183 лойиҳа доирасида 209 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилиб, 607,6 километр коллектор тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди.

Шу билан бирга, айрим масалаларда сусткашликка йўл қўйилган. Жумладан, насос станцияларида электр энергияси сарфини камайтириш юзасидан 539 иншоотни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган. Уларнинг 299 таси бўйича еттита лойиҳани россиялик ҳамкорлар иштирокида молиялаштириш режалаштирилган эди. Хорижий ҳамкорлар томонидан асбоб-ускуналар ва материаллар бўйича нархлар тақдим этилмаганлиги сабабли техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш ишлари якунланмаганлиги мажлисда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бундай ҳолатга молиялаштириш манбалари тўлиқ аниқланмаганлиги ҳам сабаб бўлган.

17.jpg

Мажлисда бу каби муаммоларни бартараф этиш йўллари кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан тегишли тавсиялар ва таклифлар билдирилди. Хусусан, насос станцияларида электр энергияси сарфини камайтириш юзасидан модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишни молиялаштириш манбалари тўлиқ ҳисоб-китобларини Молия вазирлиги билан биргаликда тузиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, йирик ва ўта муҳим гидротехника иншоотлари хавфсиз ишлашини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар бўйича мониторингни талаб даражасида таъминлаш, сув сарфини ўлчайдиган носоз асбоблар сонини қисқартириш ва сув хўжалиги ташкилотларини замонавий сув сарфини ўлчаш асбоблари билан 2019 йил охиригача таъминлаш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.

Шу куни Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятига доир ахборотни ҳам эшитди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши лозим бўлган топшириқларнинг ярми бажарилмаган.

Давлат қўмитасига амалдаги қонунчиликни халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш юкланган. Соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бутунжаҳон ташкилотининг стандартларига тўлиқ мослаштириш мақсадида Биологик хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастури доирасида Халқаро эпизоотик бюро (ХЭБ) экспертларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилган.

18.jpg

Бироқ халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ишлари якунига етказилмаганлиги сабабли топшириқ ижроси белгиланган муддатида бажарилмаган.

Бундан ташқари, йил давомида бажарилиши белгиланган вазифалар сусткашлик билан ижро этилмоқда. Хусусан, чорвачиликда озуқа базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларга жорий йилнинг июнь-июль ойларида такрорий экин сифатида 230,9 минг гектар маккажўхори экилиши режалаштирилган бўлса-да, бугунги кунда ерларнинг аттиги 96 минг 448 гектари ёки 42 фоизи шу мақсадда фойдаланилган.

Шунингдек, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик соҳаларида белгиланган вазифалар ҳам қисман бажарилгани қайд этилди. Хусусан, ҳудудларда чорвачилик фермер хўжаликлари ва аҳоли уйларидаги ҳайвонларга кўрсатиладиган ветеринария хизматларини яхшилаш мақсадида 20 та ветеринария участкасини контейнер шаклида қуриш ишлари бошланмаган.

Бундан ташқари, ветеринария участкаларида фаолият юритаётган ходимларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун мототранспорт воситалари ва велосипедлар харид қилиш учун тегишли маблағлар ўз вақтида ажратилмаган.

Мажлисда аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, паррандачилик соҳасида белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда балиқчилик соҳасини интенсив ривожлантиришда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ,ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here