Оқсаётган экспорт, ўсаётган импорт ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган маҳаллийлаштириш: видеоселекторнинг асосий мавзулари

0
94

2019 йилда товарлар ва хизматлар экспорти 23 фоизга ўсди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда айтилган, деб хабар берадипрезидентнинг матбуот хизмати.

Оқсаётган экспорт

Жорий йилнинг етти ойида товарлар ва хизматлар экспорти 7 миллиард 331 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоиз кўпдир.

Экспортерлар сафига 2 мингта янги корхона қўшилди, экспорт географияси 42 та давлатга кенгайди, 59 турдаги маҳсулот биринчи марта экспортга йўналтирилди.

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, Мирзиёев “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларининг раҳбариятини экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётганини, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётганини танқид қилди.

Мирзиёевнинг айтишича, жойлардаги раҳбарлар “экспорт бўйича тизимли ишламаяпти”. “Улар корхоналар қандай экспорт қилишини, экспортерларга қандай имтиёз ва имкониятлар берилганини билишмайди. Экспортсиз битта ҳам корхонанинг келажаги йўқ. Мамлакатнинг келажаги йўқ”, – деган президент (видеоселектор O’zbekiston 24 телеканалининг “Хабарлар 24” дастурида эфирга узатилган, деб хабар беради Gazeta.uz)

Қишлоқ хўжалиги “ривожланиш нуқтаси” сифатида

2019-2021 йилларда 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувват, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этилиши керак. Бунга қарийб $1 млрд ажратилган.

“Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича, ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бутун дунёда қадрланади, тайёр “бренд”га айланган ва экспорт учун катта имкониятдир.

“Замон ўзгаряпти, маҳсулотга талаб ўзгаряпти. Шунга муносиб бўлганлар даромад топа олади. Одамларга нима манфаат келтирса, шуни қиламиз. Келажакда, бозори бўлмаса, на пахта, на ғалла етиштирамиз. Бозорда нимага талаб бўлса, шуни етиштирамиз. Авваллари пахтани хатто томда ҳам экар эдик, бундан Ўзбекистонга ҳеч қандай фойда бўлмаса ҳам”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Мева-сабзавот экспортини 2021 йилда 2 баробар ошириш зарурлиги таъкидланди. Такрорий майдонларга экспортбоп экинлар экиш, айниқса, дуккакли маҳсулотларни экспортга кўпроқ чиқариш муҳимлиги қайд этилди.

Инвестицияларни ўзлаштириш

Жорий йилнинг биринчи ярмида 85 триллион 775 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир.

Асосий капиталда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 2,5 баробарга ошиб, 1,7 миллиард долларга етган. Давлат кафолати бўлмаган хорижий кредитлар эса 3,7 баробар кўпайган. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг қарийб 75 фоизи ҳудудий лойиҳаларга тўғри келмоқда.

Вазирлар Маҳкамасига 2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳа бўйича саноат объектларини муддатида ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди. “Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш, Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Тўрақўрғон, Тахиатош ва Навоий иссиқлик электр станцияларида янги буғ-газ ускуналарини ўрнатиш, Тошкент металлургия заводини қуриш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Қирққа яқин кам қувватда ишлаётган йирик корхона қувватларини лойиҳа параметрларига олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу дастурга, аввало, олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган 650 га яқин келишувларга мувофиқ ишлаб чиқилган аниқ лойиҳаларни, шунингдек, нефть-газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, муқобил энергетика, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш материаллари, агросаноат каби юқори технологияли тармоқлардаги лойиҳаларни киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўз ҳолига ташлаб қўйилган маҳаллийлаштириш ва ўсаётган импорт

Йиғилишда, шунингдек, айрим тармоқ ҳамда ҳудудларда маҳаллийлаштириш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди.

“Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган”, — деди президент.

Ўзбекистонда молибденнинг 1,1 фоизи, табиий газнинг 12 фоизи, рухнинг 21 фоизи, миснинг 25 фоизи, мева-сабзавотларнинг 20 фоизи, ип-калаванинг 46 фоизи қайта ишланмоқда, холос. Агар бу хомашёлар чуқур қайта ишланса, қўшилган қийматни 5 бараваргача ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Вазирлар Маҳкамасига барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси икки йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Ҳисоб палатаси таркибида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларини таҳлил қиладиган бўлинма ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2019 йилда Ўзбекистонга импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми 32 фоиз ўсган. Импортнинг асосий қисми машина ва жиҳозлар, ҳусусан бутловчи қисмларга (44%), кимёвий маҳсулотлар (13%), ва озиқ-овқатга (8%) тўғри келади.

Бошқа “бонус” масалалар

Президент барча ҳокимларга бу йил пахта теримига бюджет ташкилотлари жалб қилинмаслигини эслатиб ўтди.

“Бу йил пахта [терими]га мактаб, институт — умуман, бирорта бюджет ташкилотлари олиб чиқилмайди, эсларингдан чиқмасин”, — деб Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here