Цзинь Лицюнь: ўзаро манфаатли шериклик улкан самаралар беришига ишонаман

0
52

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 август куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. 

Меҳмон учрашувдан кейин ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Ўзбекистонга икки йил олдин ҳам келгандим. Ўтган вақт мобайнида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширдик ва бу ўзининг илк самараларини бермоқда.

Мамлакатингизда жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораяпман. Янгиланиш ва ўзгаришларнинг юқори суръати мени қувонтиради. Бу натижаларга меҳнаткаш ҳалқингиз ва давлатингиз раҳбари шижоати эвазига эришилмоқда.

Бу галги ташрифимиз доирасида Бухорода сув таъминоти ва коммуникациялар соҳаси бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишдик. Ушбу лойиҳа натижасида Бухоро вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш янада яхшиланади, оқова тизими янгиланади.

Президент Шавкат Мирзиёев узоқни кўзлаб юритаётган сиёсат ва саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор. Айниқса, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, эҳтиёжини тўлақонли таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлашни истардим.

Ўзбекистон раҳбари билан учрашувда мамлакатингиз ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш борасидаги қатор масалаларни муҳокама қилдик.

Хусусан, сув, электр энергияси таъминоти, санитария, йўл ва уйлар қурилишига оид қатор ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ниятидамиз.

Кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шериклик ўзининг улкан самараларини беришига ишонаман.

ЎзА мухбири З.ЖОНИБЕКОВ ёзиб олди.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here