Тошкент вилояти ҳокимлиги «Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларини бузган деб топилди

0
80

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Олмалиқ шаҳрида ўтказилган йўловчи ташиш йўналишлари бўйича тендер савдоларида қонун талаблари бузилганини аниқлади.

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоятида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича тендер савдоларини ташкил этиш комиссияси таркибида «Тошвилтранстерминал» уюшмасининг вакили мавжудлиги тендер савдоларида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини аниқлади. Бу ҳақда қўмита жорий йил май ойида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ўтказган жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабули давомида «Олмалиқ Исузу Транс» МЧЖ томонидан билдирилган, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 317-сонли қарорига асосан таркиби жами 13 кишидан иборат бўлган «Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро (вилоят ичида) йўналишларда йўловчи ташишни ташкил этиш вилоят комиссияси» (кейинги ўринларда — комиссия) таркиби тасдиқланган.

Аниқланишича, мазкур комиссия таркиби Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги «Шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш автомобиль транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш масалалари тўғрисида”ги 368-сонли қарори билан тасдиқланган Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисидаги намунавий низом талабларига риоя этилмаган ҳолда шакллантирилган.

Жумладан, Комиссия таркибига бошқа идоралар вакиллари билан бир қаторда вилоят Транспорт бошқармасидан 4 нафар вакил ва «Тошвилтранстерминал» уюшмаси раиси киритилган. Маълумот учун, Тошкент вилоятида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 306 та хўжалик юритувчи субъектдан 59 таси «Тошвилтранстерминал» уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Мазкур уюшма раисининг комиссия таркибига киритилиши ўтказилган тендер савдоларида уюшма аъзоларининг мазкур уюшмага аъзо бўлмаган хўжалик субъектларига нисбатан афзал ҳолатга эга бўлиши мумкинлигига олиб келади.

Масалан, 2018 йил давомида ўтказилган Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташиш бўйича 4 та тендер савдоларида «Тошвилтранстерминал» уюшмаси аъзоси бўлган 8 та субъект 15 та лотда иштирок этиш учун буюртма берган ва барчасида ғолиб деб топилган.

Бундан ташқари, комиссия аъзолигига транспорт тизимидан жами 5 киши (комиссия таркибида 38,4%) киритилиши, ўтказилаётган танловларда овоз беришда манфаатлар тўқнашувига («конфликт интересов») олиб келиши ҳамда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли аниқланган.

Мазкур ҳолатлар Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан «Олмалиқ Исузу Транс» МЧЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, унинг натижаси бўйича Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси тегишли қисмлари талабларини бузган деб топилган ҳамда мазкур қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берилган.

Натижада Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 317-сонли қарори билан тасдиқланган Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро (вилоят ичида) йўналишларда йўловчи ташишни ташкил этиш вилоят комиссияси таркибига тегишли ўзгартиришлар киритилиб (жумладан, «Тошвилтранстерминал» уюшмаси вакили комиссия таркибидан чиқарилди), бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокимлиги 2019 йилнинг 1 август куни расмий равишда қўмитага маълум қилган.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here