Qanot Sharq Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпания ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди

0
80

Qanot Sharq Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда, деб маълум қилди компания муассиси Носир Абдуғаффоров Kun.uz мухбирига.

«Ўтган йил ноябрда президент фармони чиққанидан сўнг («Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» – таҳр.) биз авиакомпанияни ҳудудий авиаташувчи сифатида қайта жонлантиришга қарор қилдик. Биз ҳудудий техника ишлаб чиқарувчи учта етакчи – Embraer (Бразилия)Bombardier (Канада) и Sukhoi (РФ) компаниялари билан учрашдик. Парвозлар географияси, парвоз жадвали ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек авиакомпаниянинг ташкилий тузилмаси тайёрланмоқда», – деди Абдуғаффоров.

Компания бошланишига 2-3та самолёт олиш ва ўз флотини мунтазам равишда кенгайтиришни режалаштирмоқда.

«Биз оёқларимиз остидаги тупроқни ҳис қилишимиз лозим»

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳозирча аниқ жавоб бергани йўқ. Ташаббус барча доираларда очиқчасига маъқулланаётган бўлса-да, тадбиркор бир ойдан ортиқ вақтдан буён Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакиллари билан учрашишга уринмоқда.

«Ёзишма бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Тўғрисини айтсам, хат ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати жуда катта. Ҳаммаси жуда секин кетмоқда. Ёрдам беришга гўёки тайёр, аммо барчаси чўзилмоқда. Бизга ёрдамларини таклиф қилишди ва барча масалаларни муҳокама қилишга рози бўлишди, аммо ҳозирча ҳеч ким билан учрашишнинг имкони бўлмади», – деди Абдуғаффоров.

Авиакомпания қачондан иш бошлаши мумкинлиги ҳақидаги саволга Абдуғаффоров бу унга боғлиқмаслигини айтди.

«Агарда компанияни йўлга қўйиш учун зарур бўлган барча саволларимизга жавоблар бўлса, камида 2-3 ой кетади. Учувчилар ва техник таркибни ўқитиш вақт олади, – деди у. – Ҳозирда бизга янги самолётлар сотиб олиш бўйича ишлаб чиқарувчилардан ва ҳаво кемаларини ижарага олиш бўйича лизинг компанияларидан таклифлар келиб тушмоқда, аммо бу ерда ҳеч нарса тайёр бўлмаса, уларни қандай оламиз. Биз оёқларимиз остидаги тупроқни ҳис қилишимиз лозим».

«Миллионлаб саволлар»

Qanot Sharq 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча Ил-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, Qanot Sharq’нинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.

Компанияда хоҳиш ҳам, тажриба ҳам бор, аммо «миллионлаб саволлар» очиқлигича қолмоқда, дейди Kun.uz суҳбатдоши. Абдуғаффоров барчаси «ҳукуматнинг хоҳиш ва иродасига боғлиқ» деб ҳисоблайди, музокараларнинг чўзилишини эса хусусий авиакомпания ташкил этилиши мамлакат учун янгича шароитларда кечаётгани билан боғлайди.

«Ҳа, барчаси янгича шароитларда. Илгари бизда бундай нарса бўлмаган. Бошқа мамлакатларда барчаси анча тез кечади, чунки қонунчилик ҳам, бозор ҳам тартибга солинган. Агарда ҳаммаси тайёр бўлса, бир ой ичида авиакомпанияни ишга тушириш мумкин», – дейди у.

Масалан, частоталарни тақсимлаш ҳамда парвозлар йўналишини белгилаш билан ким ва қандай тарзда шуғулланади деган савол туғилади. Ёнилғи қуйиш ва авиаёнилғи сотиш, МАКдан ажралиб чиқадиган аэропортлар билан ишлаш механизмини ким амалга оширади деган савол ҳам долзарб.  

«Самолётни учириш қийинмас, аммо ёнилғи ва аэропортлардаги ставкалар масаласи ҳал қилиниши керак. Ҳозирда амалда бўлган эски ставкаларни қайта кўриб чиқиш лозим. Масалан, чегарадан чиқиб кетаётган ҳар бир йўловчи учун ставка 60 доллар атрофида. Бунинг устига ҚҚСсиз. Агарда учиш-қўниш учун суммани ҳам қўшиб, уни йўловчиларга бўлинса, 70-75 доллар атрофида бўлади, бу жуда кўп», – деди Абдуғаффоров.  

У йирик ва кичик авиаташувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги сифатида Emirates Airlines ва Flydubai компанияларини мисол келтирди. Иккинчи компания кейин Emirates Airlines самолётлари орқали узоққа парвоз қиладиган йўловчиларни «олиб келиб бериш» билан шуғулланади.   

«Бизда ҳам шундай қилиш мумкин. Бунинг устига МАК ички рейсларда ярим соатлик парвозларга мўлжалланмаган А-320 самолётларидан фойдаланади. Бу машиналарнинг ресурсларини кучли даражада йўқотади. Биз кичик масофалар учун ҳудудий авиакомпания ташкил қилмоқчимиз. Бунда ҳамкорликда ишлаш мумкин – йўловчилар ички ҳудудларда ташилади, МАК эса уларни узоқ масофаларга ташийди», – дейди Абдуғаффоров.

Аввалроқ SilkJet компанияси Ўзбекистондаги биринчи лоукостерни очишга тайёрлиги хабар қилинганди. Унинг асосчиси Алишер Анназаров Kun.uz’га берган интервьюсида янги авиаташувчининг пайдо бўлиши бозордаги вазиятни қандай ўзгартириши, бундан нафақат йўловчилар, балки «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва давлат ютиши мумкинлиги ҳақида сўз юритганди.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here