АҚШ президенти дунёдаги энг катта оролни сотиб олмоқчи

0
69

АҚШ президенти Дональд Трамп Даниядан Гренландияни сотиб олишни хоҳлаяпти. Маълумки, ушбу ҳудуд дунёдаги энг катта орол ҳисобланади. Америка президенти мазкур ғояни маслаҳатчилари билан кўриб чиққан ҳамда адвокатидан ўзаро олди-берди масаласини ўрганиб чиқишни сўраган, деб хабар The Wall Street Journal. 

Маълумот учун, Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Гарри Трумэн мазкур оролни 100 млн. долларга харид қилишга уриниб кўрган эди.

Оқ уйнинг ҳозирги раҳбари бу борада қанча маблағ таклиф қилмоқчи эканлиги ҳозирча номаълум. Газетада қайд этилишича, Трампнинг баъзи маслаҳатчилари ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалари буни “озгина муболағаси билан айтганда, умуман амалга ошмайди”, дея рад этишган. 

Манбага кўра, Гренландияни сотиб олиш худди Аляскани қўлга киритишга ўхшайди ва “Трамп мероси”га айланиши мумкин. Аммо АҚШ президентининг ўзи ушбу ниятни амалга ошириш учун қай даражада қатъий ва тайёр эканлиги аниқ эмас.

Трамп ушбу режаси ҳақида 2018 йил баҳорида ҳам айтиб ўтганди, деб ёзади WSJ. Ўшанда кечки овқат пайтида у ўз ёрдамчисига кимдир Гренландияга кўмак бериб келаётгани ортидан Данияда молиявий муаммолар пайдо бўлгани ҳақида айтганини гапириб қолади. Ва ушбу оролни сотиб олиш имкониятларини ўрганишни таклиф этади. 

“Дўстлар, бу ҳақда нима деб ўйлайсизлар? Сизнингча, буни қилса бўладими?” – дея Трампнинг сўзларини келтиради WSJ. Газета АҚШ президенти бунга оролдаги табиий ресурслар боис қизиқиб қолганини қўшимча қилган.

Манбага кўра, маслаҳатчиларда бу борада бир қатор саволлар ҳам пайдо бўлган: АҚШ Арктикада ҳарбий иштирокини кучайтириш учун Гренландиядан фойдалана оладими? Оролни сотиб олиш шарофати билан тадқиқотлар бўйича қандай имкониятлар қўлга киритилади?… 

Америкалик расмийлар Гренландия АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблашади. Дания ва АҚШ ўртасида бу борада ўн йиллик шартнома ҳам тузилган. Унга кўра, Америка қуролли кучлари Гренландия шимолида жойлашган Тула авиабазасидан чегараланмаган миқдорда фойдаланишлари мумкин. Қутб доирасидан шимол томонга 750 миль узоқликдаги базада радиолокация станцияси мавжуд. У баллистик ракетани узоқдан аниқлаш тизимининг бир қисмидир. АҚШ космик ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ушбу базадан фойдаланиб келмоқда.

WSJ шу йил май ойида АҚШ давлат котиби Майк Помпео Гренландияга ташриф буюриши кераклиги, аммо Эрон билан муносабатлар кескинлашуви ушбу сафарни қолдиришга сабаб бўлганини ҳам эслатиб ўтган. Сентябрь ойида эса Дональд Трампнинг ўзи Гренландияга бормоқчи. Лекин бу Гренландияни харид қилиш режаларига боғлиқ эмас.

Оқ уй ва Давлат департаменти газетада чиққан материалга ҳозирча муносабат билдирмаган. Қолаверса, Даниянинг АҚШдаги элчихонаси ва Гренландиянинг Вашингтондаги ваколатхонаси ҳам бу бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here