Ғузорда тадбиркорлар миллиардлаб пулларини ололмаяпти

0
124

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада кенгайтириш ва ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан ҳимоялашга доир ишлар суръати тезлашиб кетди. Аммо, таассуфки, жойлардаги ҳануз учраб турадиган айрим ҳолатлар кўнгилни хира қилади.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидан Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаат ҳам тадбиркордан. Тезда чора кўрилмаса, у 1 миллиард 600 миллион сўм пулига куйиб қолиши мумкин. Ушбу тадбиркор билан боғлиқ муаммо фақат туман ёки вилоят кесимида эмас, қайсидир маънода республика миқёсида ҳам ўз ечимини кутмоқда.

Ушбу туманнинг Қудуқ қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор Ҳамза Тоштемиров ва бошқа тадбиркорлар банк кредитлари орқали аҳолига тарқатилган майда ва йирик шохли моллар учун тўрт ойдан буён пулларини ололмаётгани юзасидан мурожаат қилди.

Ҳамза Тоштемиров «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурида белгилаб берилган вазифалар асосида банк кредитлари ҳисобига аҳолига майда ва йирик шохли молларни тарқатган.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, тадбиркор жорий йилнинг 10 ва 28 май кунлари «Агробанк» орқали 44 нафар фуқарога, «Миллий банк» орқали 33 нафар ва бошқа банклар орқали 10 нафардан зиёд фуқарога мол берган. Аммо ушбу чорва моллари учун у ҳамон мазкур банклардан пул олганича йўқ.

— Банкнинг қарорида кўрсатилишича, таъминотчи молни олдиндан таъминлаб берса, биз мониторинг қилиб пулини тушириб берамиз дейишди, — дейди тадбиркор Ҳ. Тоштемиров. — 10 кун муддатга дейилган нарса 5 ойга қараб кетяпти. Банклар «ресурсимиз йўқ» деб пулимизни тушириб бермаяпти. Борган сари банкрот бўляпмиз.

Маълумотларга кўра, у шу кунга қадар 300 нафарга яқин фуқарога қорамол берган бўлса, шулардан 200 нафарининг пулини олган, қолган 100 нафарининг пуллари эса, юқорида тадбиркор таъкидлаганидек, «ресурс йўқ»лиги сабаб берилмаяпти.

Юқори турувчи ташкилотларнинг бу муаммога нисбатан муносабати қандай бўляпти, дерсиз?

— Ҳозирги кунгача Президент виртуал қабулхонасига, молия вазирлигига, вилоят ва туман ҳокимлигига, туман прокуратурасига ва бошқа туман, вилоят ва Республика даражасидаги ташкилотларга йўллаган мурожаатларимизнинг бирортасига жўяли жавоб бўлмади. Банк менга таъминотчи сифатида пул ўтказиб бериши керак эди, аммо бундай бўлмаяпти. Ўзимиз бориб молларимизнинг ҳозирги эгаларидан қайтариб ололмаймиз. Бунга қонуний ҳақимиз йўқ, — дейди тадбиркор.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбиркор Ҳамза Тоштемировнинг таъкидлашича, у шу кунга қадар 100 нафарга яқин тадбиркор ва аҳоли билан ишлаган. Буларнинг ичига усталар, молларга қаровчи ва уларни боқувчилар кирган. Тадбиркорлик фаолият тури дала ва дўконни қўшганда кўп тармоқли этиб кенгайтирилган. Ҳозир эса бу ишларнинг барчаси деярли тўхтаб қолган. Яна унинг сўзларига қулоқ тутамиз.

— Тадбиркорлигимнинг барча йўналишлари бўйича инқирозга келиб қолдим. Ҳатто 22 нафар иш бошқарувчимга ҳам маош тўлай олмаяпман. Менга ўхшаган таъминотчилардан туманимизда 10 нафарга яқини бор. Улар 300 миллиондан 1 млрд сўмгача бўлган миқдорда зарарда туришибди. Айни дамда қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаяпмиз.

Банкларга кредит сўраб мурожаат қилаётган аҳолининг кўплиги сабаб, балки пулларимизни ололмаётгандирмиз. Бир сафар жонимиздан ўтгач, фуқароларнинг олдига бориб, молларимизни қайтариб олмоқчи бўлдик, ўртада катта жанжал келиб чиқди. «Мен молни 3 ой боққанман, 5 миллионга яқин пулим кетган, пулимни бер ёки молни тушингда кўр», деб жавоб қайтаришди. Тушунаман, улар ҳақ, аммо биз пулларимизга куйиб қолаверамизми?

Тадбиркорнинг ўз режалари ҳам бор эди. У келажакда 200 бош қорамол олиб келиб, сутни қайта ишловчи корхонани ишга туширмоқчи ва бу орқали 50 иш ўрни яратмоқчи эди. Чунки улар яшаб турган ҳудудда аҳолининг жуда кам қисми давлат ишида ишлайди. Асосан, чорва билан шуғулланишади. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига чорва моллари етказишади. Тадбиркорнинг ушбу режасини туман ҳокими, туман прокурори маъқуллаган. Аммо Ҳамза Тоштемировнинг пуллари йўқ, улар банкларда…

«Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури асосида тадбиркорликнинг турли йўналишлари билан шуғулланганлар ва шуғулланаётганлар анчагина. Улар билан суҳбатда ҳам юқорида тадбиркор таъкидлаб ўтган муаммоли ҳолатлар учраётгани сир эмас. Ушбу тадбиркорлар, аввало, ўз ишларини янада кенгайтириш, қолаверса, Давлат раҳбари олиб бораётган иқтисодий сиёсатга асосан халқни янада бой қилиш учун ҳаракат қилишган. Энди давлат уларни ҳимоя қилиши, қўллаб-қувватлаши лозим, назаримизда.

Мазкур масала юзасидан мурожаатда акс этган тижорат банклари филиалларининг Республика бошқаруви ва бошқа масъул идоралар томонидан тегишли муносабат билдирилишига умид билдириб қоламиз.

Сарвар АНВАР ўғли,
Kun.uz мухбири.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here