Сенат раиси сенаторлар нималарга эътибор қаратиши зарурлигини маълум қилди

0
74

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида сенаторлар зиммасидаги вазифалар, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида сўз борди.

Сенат раиси Т.Норбоева Президентимиз жойлардаги муаммолар, долзарб масалаларнинг самарали ечими ҳудудларда депутатлик назоратининг қай даражада йўлга қўйилганига ҳам боғлиқ эканини қайта-қайта уқтираётганини қайд этди. Бироқ, қанчалик кўп гапирилмасин, қанча тавсия ва кўрсатма берилмасин, бу борадаги камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

– Асосий масъулият сенаторлар зиммасида, – деди Т.Норбоева. – Чунки уларни сенатор сифатида айнан маҳаллий Кенгашлар сайлаган. Шу боис, маҳаллий Кенгашлар ишининг самарадорлиги учун улар раҳбарлари билан биргаликда Сенат комиссияси аъзолари, ҳудудлардан сайланган сенаторлар шахсан жавобгар бўладилар. Яъни, ҳудудлардаги сенаторлар фаолиятига баҳо беришда уларнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўрсатаётган амалий ёрдамига асосий мезонлардан бири сифатида қаралади.

Мажлисда сенаторлар олдида турган янги вазифаларга эътибор қаратилди.

Келгусида давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсата олмаётган умумий тусдаги қонунларни маъқуллаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади. Ҳар бир назорат тадбирининг аниқ амалий натижалар билан якунланишига эришиш шарт. Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш нафақат Сенатнинг тегишли комиссияси, балки бошқа қўмита ва комиссиялари фаолиятининг ҳам устувор йўналишларидан бирига айланади. Гендер тенглик масалалари, хотин-қизлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлаш, аҳоли, хусусан ёшларни иш билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш бўйича ишларда фаол иштирок этиш ҳар бир қўмита ва комиссия, сенаторнинг асосий вазифаларидан бўлади. Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш амалиёти янада кучайтирилади.

Сенат раиси ўз сўзида турли ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ва мамлакатимиз обрўсига путур етказаётган ахборот ҳамда у билан боғлиқ хуружларнинг сабабларидан бири ҳам баъзи ҳолларда қонунлардаги қатъий нормаларга эътиборсиз ёндашувнинг оқибати эканини қайд этди.

Ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган қонунлар ва бошқа долзарб масалалар мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, ҳар бир соҳада қонунийликни сўзсиз таъминлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here