Қўл меҳнати билан яралган маҳсулотлар чинакам мўъжиза

0
50

Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 100 дан ортиқ давлатлардан фахрий меҳмонлар, моҳир ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. 

Фестивал доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар хорижлик меҳмонларга манзур бўлаётир.

Америка Қўшма Штатларидан келган фахрий меҳмон Лопес Керолайн Робертсон хоним фестивал ҳақидаги илк таассуротларини сўзлаб берди. 

– Эрта тонгдан қадим шаҳар кўчаларидаги минглаб юртдошларингизнинг қувонч ва шодиёнасига гувоҳ бўлдим. Миллий кийимдаги ўзбек аёлларига ҳавасим келди. Карнай-сурнай, доира садолари биз меҳмонларни ҳам рақсга чорлади. Ўзбекистон мен учун қадрдон юрт. Негадир доимо шу заминга юрагим талпинаверади. Халқингизга хос бўлган меҳмондўстлик, ўзгача лутф менга жуда ҳам ёқади.

Юртингиз санъат, маданият ва ҳунармандчиликда азалдан бой меросга эга бўлиб, бугун ҳам қадрият ва анъаналар авлоддан авлодга ўтиб давом этиб келаётгани таҳсинга лойиқ. Мен турли асори-атиқалар, ҳунармандчилик маҳсулотларини тўплашни яхши кўраман. Уйимдаги шахсий коллекцияда Ўзбекистоннинг сопол маҳсулотлари, гиламлар, сўзана, адрас, ёғоч ўймакорлиги намуналари бор. Қўл меҳнати билан яратилган бу маҳсулотлар чинакам мўъжизадир.

Бу фестивалга келганимдан жуда хурсандман. Таниш, қадрдон чеҳраларни кўряпман. Ўзим билмаган ҳунар турлари ва маҳсулотлари кўп экан. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳунармандларни таклиф қилиб, нуфузли фестивални ўтказаётган Ўзбекистоннинг эзгу ташаббусларини халқаро ҳамжамият ҳам муносиб қадрлайди. 

ЎзА мухбири М. Сулаймонов суҳбатлашди

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here