Юридик хизмат ходимлари тайёрлаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабга жавоб берадими? Афсуски…

0
61

Жамиятдаги ўзаро муносабатлар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Ана шу ҳужжатлар пухта, яъни асосли ва тўғри шакллантирилса, бу жамият, одамлар манфаатига хизмат қилади. Уларнинг мужмал ва хатолик билан тайёрланиши эса турли чалкашликларга сабаб бўлиши сир эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари асосан идора ва ташкилотларда ишловчи юридик хизмат ходимлари томонидан тайёрланади. Ушбу соҳани ривожлантириш, тизимда хизмат қилаётган юристларга имтиёзлар бериш бўйича кейинги пайтда кўп иш қилинди.

Бироқ, юридик хизмат ходимларининг барчаси ҳам талаб даражасида ишламаётгани ёки жон куйдирмаётгани улар томонидан тайёрланган лойиҳаларда кўриниб қолмоқда.

Масалан, 2018 йил давомида Адлия вазирлигининг Иқтисодий қонунчилик бошқармасига 1 минг 477 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган бўлса, уларнинг 980 тасига розилик имзоси қўйилган. Аммо уларнинг 785 таси бўйича эътирозлар билан розилик берилган. Бор-йўғи 195 таси бўйича эътирозларсиз имзо қўйилган.

Қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилиб, қайтарилган ҳужжатлар лойиҳалари 96 тани ташкил этган. Регламент талабларига мувофиқ тақдим этилмаганлиги сабабли, экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган ҳужжатлар лойиҳалари 401 тани ташкил қилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида норма ижодкорлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган муаммоларга бағишланган семинарда шу ҳақда сўз борди.

Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев жамиятда кечаётган ислоҳотларнинг тўла-тўкис амалга ошиши ҳар томонлама пухта ва сифатли ҳужжатларни ишлаб чиқишни тақозо қилишини қайд этди. Зеро, ҳар бир ҳужжатнинг замирида ўз ечимини кутаётган муаммо ётади. Шу боис ҳужжатларни сифатли, пухта ҳамда ўз муддатида ишлаб чиқишда ҳар бир вазирлик ва идоранинг мутахассис ходимидан тортиб биринчи раҳбаригача зиммасида катта масъулият ва жавобгарлик мавжуд.

Юридик хизматлар ходимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда қўйилган топшириқни тўлақонли англаб, уни ҳужжатга сингдириши, шу йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиши, тегишли идоралар билан келишиши, лойиҳа тайёр бўлгач уни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши керак.

Лекин амалда юридик хизмат ходимларининг кўпчилиги зиммасига қўйилган бу каби вазифаларни чуқур англамаган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли лойиҳаларни ишлаб чиқишда барча ташкилотлар ва ижрочилар юридик хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш керак. Ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқишда юридик хизмат ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш зарур.

Семинарда қайд этилишича, юридик хизматлар ходимлари устидан шикоятлар тушаётгани ачинарли ҳол. Хусусан, айримлари фуқароларни овора қилиш, улар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолларига йўл қўйган. 2019 йилнинг ўтган даврида адлия органларига юридик хизмат ходимлари устидан 36 шикоят тушган. Бу каби салбий ҳолатлар ҳуқуқшунослар томонидан оддий касб этика қоидаларига риоя этилмаётганидан келиб чиқмоқда.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан “Юридик хизмат ходимларининг касб ва этика қоидалари” ишлаб чиқилмоқда.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here