Транспорт воситалари олд ён ойналарини қорайтириш (тонировка) мумкинми?

0
149

Транспорт воситалари ойналарини қорайтириш (тонировка) энг кўп муҳокамага сабаб бўлган мавзулардан бири бўлди. Аҳолининг ҳақли эътирозлари инобатга олиниб, бу маълум маънода ижобий ечимини топди.

Яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сон қарори асосида автомобилларнинг орқа ойналар тусини чекланмаган миқдорда тўловсиз қорайтиришга рухсат берилди.

Фақат орқа ён ойналарининг тусини чекловсиз ўзгартириш рухсатнома асосида 2 миллион 223 минг сўмга амалга оширилиши белгиланди.

– Қарор билан ҳаттоки автомобилларнинг олд ён ойналарнинг тусини ҳам ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартиришга рухсат берилди, – дейди Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов. – Ҳозирда ДЙҲХХ бўлинмаларида ойналарнинг тусуни ўзгартирганлик учун рухсатнома ва махсус галограммалар берилмоқда. Шунга қарамай, минг афсуски,транспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)нинг тартибларини бузаётган, бу талабларни менсимаётган ёки унга амал қилмаётган ҳайдовчилар кўплаб учраб турибди.

Масалан, фақатгина орқа ва орқа ён ойналарнинг чекловсиз қорайтириш белгиланган бўлса-да, айрим ҳайдовчилар транспорт воситасларининг олд ён ойналари тусини ҳам чексиз даражада қорайтириб олмоқда ва бу билан улар қарор талабларини қўпол равишда бузмоқда.

Энг ачинарлиси, айрим ҳайдовчилар амалдаги қонун ва қарор талабларини менсимасдан, ҳеч қандай рухсатнома олмаган ҳолда транспорт воситалари ойналарининг тусини қорайтириб олмоқда.

Лекин аҳоли талаби инобатга олиниб берилган имкониятни шундай суиистаъмол қилиш инсофданми? Ёки айримлар билса – ҳазил, билмаса – чин, қабилида иш кўришни афзал биладими?

Бироқ, доно халқимиз айтганидек, кўза кунда эмас, кунида синади.

Қонун ва қоидалар барчага баробар. Шундай экан, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

Акс ҳолда қоидабузарлик учун жазо муқаррардир.

ДЙҲХХ барчани огоҳлантиради:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига мувофиқ, техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан белгиланган тартибда ойналарни қорайтириш учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу – 5 миллион 68 минг 250 сўмни ташкил этади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу – 8 миллион 109 минг 200 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, транспорт воситаси камчиликлари бартараф этилгунга қадар вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.

Юқорида айтиб ўтилганлардан транспорт воситалари ойналарининг тусини белгиланган талабларига зид равишда ўзгартириб (қорайтириб) юрган ҳайдовчилар тўғри хулоса чиқарса ажаб эмас.

Н.Абдураимова, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here