ХДП Ўзбекистонда “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилаш ташаббуси билан чиқмоқда

0
74

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида “пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”лиги қайд этилган. Бироқ ушбу Конституциявий норма амалда ишламайди. Сабаб нима?

Аввало, ҳозирги кунгача “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилаш мезонлари аниқланмаган. Бу борада миллий қонунчилигимиз ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам халқаро тавсиялар ва илғор амалиётдан жуда орқада қолмоқда.

Ваҳоланки, дунёнинг кўплаб давлатларида узоқ вақтдан бери бу масалада аниқ амалиёт қўлланилиб келинади. Тан олиш керак, мазкур йўналишда партиямиз, депутатлик бирлашмаларимиз сусткашликка йўл қўйиб, ташаббусларни илгари суришда қатъият кўрсатмаган.

photo5467406923457473565.jpg

Инсоннинг физиологик эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган соғлом овқатланиш стандартлари бўйича тавсиялар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган. Аҳолининг кам таъминланганлик даражасини баҳолашда истеъмол саватчаси ва яшаш минимумидан фойдаланиш методологияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси томонидан чиқарилган Қашшоқликни ўлчаш қўлланмасида келтирилган. Яъни, халқаро ҳуқуқий ва амалий асос аллақачон яратиб қўйилган.

Яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Озарбайжон Республикаларида амал қилади.

Шунингдек, Болгария, Чехия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатларида яшаш минимумини аниқлашнинг ҳуқуқий механизмлари қабул қилинган.

Мамлакатимизда бу масалада аниқ мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатда муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермай келаяпти. Жойлардаги учрашувларда аҳоли вакиллари Қонунчилик палатаси депутатларига маҳаллаларда ижтимоий нафақаларни тақсимлаш жараёнларида ижтимоий адолат тамойиллари бузилаётгани ҳақида кўп мурожаат қиляпти, кескин эътирозларини ҳам билдиряпти.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали “Яшаш минимуми тўғрисида“ ва “Истеъмол саватчаси тўғрисида“ қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга киришди. Бу партиямиз ғоялари амалга ошишида, жамиятимизда ижтимоий адолат тамойили таъминланишида долзарб ва принципиал аҳамиятга эга масаладир.

Ушбу қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда халқаро амалиётни чуқур ўрганишга, Конституциямизда қайд этилган, аммо йиллар давомида эътиборга олинмаган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни аниқлаш мезонларини ҳамма учун тушунарли тарзда белгилашга жиддий эътибор қаратилади.

Саттор РАҲМАТОВ,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси

ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here