Пластик карталардаги маблағ сўзсиз ечиб олиниши қай даражада қонуний? МИБда кутилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбат

0
51

Жорий йилнинг 24 октябрь куни «regulation.gov.uz» сайтида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат лойиҳасида соддалаштирилган мажбурий ижро институти жорий этилиши назарда тутилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқий-алоқалар бўлими бошлиғи Насим Бурханов билан суҳбатимиз юқоридаги фармон лойиҳаси ва умуман МИБ фаолияти ҳақида бўлди.

– Фармонда кўрсатилган соддалаштирилган мажбурий ижро тартиби жорий этилиши тизимга қандай янгилик олиб келади, қолаверса «Мажбурий» сўзини одамлар доим ҳам илиқ кутиб олмаслиги табиий. Бу функцияни кимлар амалга оширади?

– Сўзимнинг бошида бир нарсани таъкидлашни истардим – янги фармондаги ўзгаришлар коммунал тўловларни ундиришни кучайтиришга қаратилмаган. Халқ муҳокамасига қўйилган Фармон лойиҳасида гап фақатгина суд қарорларини ижро этишни такомиллаштириш ҳақида кетмоқда.

Тўғри, коммунал тўловлар бўйича қарздорлик мажбурий равишда ҳам, яъни ундирувни қарздорнинг пул маблағлари ва мол-мулкига қаратиш орқали ҳам ундирилиши мумкин. Лекин бунга фақат тегишли суд қарори мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Бинобарин, ушбу фармон лойиҳаси бундай ҳолатларга ҳам татбиқ этилмайди.

Суд қарорларини мажбурий ижро этиш масаласига келсак, агар суд қарори ижро этилмаса, одил судлов, бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклаш, ҳимоя қилиш тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади, чунки суд қарори ижро қилинмаса, бу бир парча қоғоздан бошқа нарса эмас. Бюро махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, қонуний кучга кирган ва ихтиёрий равишда бажарилмаган суд қарорининг мажбурий ижросини таъминлаш билан боғлиқ давлатнинг муҳим функцияларидан бири билан шуғулланади.

Энди янги таклиф этилаётган соддалаштирилган мажбурий ижро институтини жорий этиш ҳақида гапирсам, биз ушбу таклифни фаолиятимиздаги мавжуд муаммолар, аҳолининг мурожаатлари ва жамоатчилик фикрини ҳамда хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда киритмоқдамиз. Таъкидлашим керак, ушбу институт, авваламбор, давлат ижрочиларининг ваколатларини жиддий равишда чеклашни назарда тутади.

Янги соддалаштирилган тартибга мувофиқ, қарздорликни ундириш қарздор (қарздор деганда, қонунга мувофиқ, суд қарори ёки бошқа ижро ҳужжатига асосан муайян мажбурият юклатилган фуқаро ёки юридик шахс тушунилади) билан мулоқотга кирмасдан, унинг мол-мулкини хатлаш ва олиб қуйиш билан боғлиқ мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширмасдан, қарздорга нисбатан турли санкцияларни қўлламаган ҳолда амалга оширилади. Бошқача айтганда, ушбу тартибда давлат ижрочиси ўз ваколатларининг фақат айримларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Яъни соддалаштирилган тартибда давлат ижрочиси фақатгина ундирувни қарздорнинг банк ҳисоб рақамларидаги маблағларини, шу жумладан банк пластик картасига хизмат кўрсатадиган ҳисоб рақамларидаги маблағларни ечиб олиш орқали, агар қарздорлик суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган ҳолларда эса (ҳозирда 635 минг сўмгача) – ундирувни қарздорнинг иш ҳақига қаратиш орқали амалга оширади.

Бундан ташқари, соддалаштирилган тартиб фақатгина 3та тоифадаги ундирувларга нисбатан татбиқ этилади, булар:

  • маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги;
  • жисмоний шахслардан давлат божини ундириш тўғрисидаги;
  • жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларидир.

Ундирув соддалаштирилган тартибда амалга оширилганда давлат ижрочиси қарздорнинг яшаш ёки унинг мол-мулки жойлашган жойига бормайди, уни безовта қилмайди, нақд пулларни ёки мол-мулкни мажбурий олиб қўйиш билан боғлиқ мажбурлов чораларини қўлламайди. Айни пайтда, ижро ҳужжатини ихтиёрий бажармаганлик учун санкциялар ёки бошқа чекловлар (масалан, хорижга чиқишни вақтинчалик чеклаш) ҳам қўлланмайди.

– Соддалаштирилган мажбурий ундирувни амалга ошириш учун нега юқоридаги 3та тоифадаги ундирувлар танланмоқда?

 Таҳлиллар кўрсатдики, ушбу 3 тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича ўртача қарздорлик суммаси 400 минг сўмдан ошмайди. Фикримизча, бундай суммани деб фуқарони безовта қилиш, унинг мол-мулкини хатлаш ва олиб қўйиш, турли чекловлар ўрнатиш каби давлатнинг мажбурлов механизмларини қўллаш мақсадга мувофиқ эмас. Майда суммаларни ундиришда жиддий мажбурлов чораларини қўллаш жамиятда ортиқча зиддият ва ижтимоий тарангликдан бошқа нарсани олиб келмайди.

Шу сабабли, давлат ижрочиларининг куч ва воситаларини мураккаб ва ҳақиқатдан зиддиятли ижро ҳужжатларига қаратиб, майда суммаларни ундиришда ундирувни нақдсиз пул маблағларига қаратиш билан чекланишни таклиф қиляпмиз.

Таъкидлашим лозимки, бу янгиликнинг нафақат фуқароларимизга, балки МИБ учун ҳам ижобий таъсири бор. Чунки бугунги кунда республикамизда давлат ижрочиларининг иш ҳажми ўрнатилган нормативлардан 16 баравар юқори. Бу ҳолат ижро самарадорлигига салбий таъсир қилиб, муддат бузилишига ва аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда иш ҳажмининг асосий салмоғини, яъни қарийб 60 фоизини айнан юқоридаги ижро ҳужжатлари ташкил этмоқда.

Шу сабабли, соддалаштирилган мажбурий ижро институтини жорий этиш орқали биз ўз куч ва воситаларимиздан оқилона фойдаланиш эвазига ижро самарадорлигини оширишни, шу жумладан ижро муддатларини ҳам қисқартиришни мақсад қилганмиз.

Бунинг учун биз Тошкент шаҳрида 2та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан туманлараро ижро бўлимларини ташкил этишни таклиф қиляпмиз. Ушбу бўлинмалар иш ҳажми кам бўлган ёки ўхшаш функцияларни бажарадиган штат бирликларини қисқартириш орқали ташкил этилди. Бўлимларнинг ягона вазифаси юқоридаги 3та тоифадаги ижро ҳужжатларини соддалаштириган тартибда, масофадан туриб ижро этиш ҳисобланади.

– Бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бу МИБ томонидан пластик карточкалардаги маблағлар сўзсиз ечиб олиниши бўляпти. Бу қай даражада асосли ҳаракат?

– Бир нарсани алоҳида таъкидлашим керак – МИБнинг бу ваколати янгилик эмас, олдиндан бўлган. Ҳатто МИБ тузилмасдан илгари ҳам суд ижрочиларида ҳисоб рақамларидаги маблағларни сўзсиз ечиб олиш ваколати бўлган. Пластик картадаги маблағ бу ўша ҳисоб рақамдаги пулнинг бир кўриниши, холос. Яъни бу ерда бирор ғайритабиийлик йўқ, Фармон лойиҳасида МИБга янги ваколат бериш назарда тутилмаган.

Бундай амалиёт хорижий давлатларда ҳам табиий бўлиб, биз каби ҳолатларда, яъни суд қарори ёки бошқа ижро ҳужжати ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда қўлланади.

Энг асосийси, биз бундай чорани коммунал тўловларни ундиришда қўлламаймиз. Бунинг учун албатта суд қарори талаб этилади.

– Маъмурий жарималар бўйича ҳам фаолиятингизга оид саволлар кўп…

– Бугунги кунда амалиётда маъмурий жарималарни фақатгина мажбурий тартибда ундиртиришга қаратилган тенденция мавжуд бўлиб, қарорларнинг аксарияти мажбурий ижрога қаратилмоқда. Бу эса жамиятда аҳоли ва давлат органлари ўртасида ортиқча зиддиятларга ва ижтимоий тарангликка сабаб бўлмоқда.

Вужудга келган вазиятнинг асосий сабабларидан бири жарима ва мажбурий тўловларни ихтиёрий равишда тўлаш бўйича тегишли инфратузилма яратилмагани ва пировардида аҳолида жарима ва бошқа мажбурий тўловларни ихтиёрий тўлаш маданияти шаклланмаётгани ҳисобланади.

Мавжуд амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, маъмурий жарималар ихтиёрий тўланмаслигига маъмурий жарима қўллаган органлар МЖтК талабларига риоя этмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Жумладан, давлат ижрочилари мажбурий ижро чораларини қўллаш жараёнида аксарият ҳолларда қарздор унга нисбатан жарима солинганидан хабарсизлиги аниқланяпти. Бу ҳолат аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ЎзР Президентининг ПҚ-4236-сон қарорида ҳуқуқбузар жаримани қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун муддатда тўласа, жарима суммасининг 70 фоизини тўлаши назарда тутилган.

Бу тартиб йўлга қўйилса, маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги қарорларни Бюро органларига юборишда МЖтК нормаларига қатьий риоя этилиши таъминланади; маъмурий жарималарни ихтиёрий тўлаш кўрсаткичлари ортади; давлат ижрочилари ва фуқаролар ўртасида зиддиятлар ва асоссиз норозиликлар камаяди.

Қизиқарли маълумот: МИБ фаолияти давомида бир ижро ҳаракати доирасида бирданига 100 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ундирилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

 Алиментлар масаласига ҳам тўхталсангиз.

– 2020 йил 1 мартдан алимент мажбуриятлари бўйича ягона банк ҳисоб рақамини жорий этиш ҳамда алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратиш таклиф этилмоқда. Сабаби, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижроси аҳволи Бюронинг энг муаммоли ва аҳоли норозилигини келтириб чиқарадиган асосий соҳа ҳисобланади.

Алимент масаласига оид мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонаси ва виртуал қабулханасига энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар бўйича 3-ўринни эгалламоқда.

Бюрога келиб тушаётган ижро масаласига оид мурожаатларнинг қарийб

60 фоизидан ортиғини алимент масалалари ташкил этади.

Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари республикада ҳар бир ижрочига ўртача 100та ижро ҳужжатини ташкил этади ва фарзандлар вояга етгунга қадар ҳар ойда ижро этилиши лозим. Айни пайтда, ижро иш юритувида бошқа тоифадаги ижро ҳужжатлари ҳам мавжудлиги сабабли, давлат ижрочиси ҳар ойда 100та ижро ҳужжати бўйича ижрони амалга ошириш ва назорат қилиш имкониятига эга эмас.

Янги тартибга кўра, алимент ундириш тўғрисидаги ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ягона ҳисоб рақамда алоҳида суб ҳисоб рақамлар очилади. Ушбу суб ҳисоб рақамларда алимент бўйича маблағларнинг ҳаракати амалга оширилади.

Барча алимент тўловлари, шу жумладан иш ҳақидан ушланмалар ягона ҳисоб рақам орқали амалга оширилади. Шунингдек, ундирувчилар алимент пулларини тегишли суб ҳисоб рақамлардан чекловларсиз олиш имконига эга бўлади.

Айни пайтда алимент тўловлар бўйича пул маблағлари ҳаракати Бюрода яратилган ва ягона ҳисоб рақамга интеграция қилинган махсус дастурий таъминотда онлайн режимда мониторинг қилиб борилади. Бунда алимент мажбуриятлари қай даражада бажарилаётганини давлат ижрочиси томонидан, мобил илова орқали ундирувчи ва қарздор томонидан мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади.

 Хатланган мол-мулклар савдоси бўйича қандай янгиликлар бор?

– 2020 йил 1 январдан мажбурий ижро ҳаракатлари давомида хатланган мол-мулкни нархнинг ошиб бориши тамойили асосида ўтказиладиган аукцион савдоларига қўйишда мол-мулкнинг бошланғич нархини баҳоланган нархдан 30 фоизга арзонлаштирилган миқдорда белгилаш таклиф этилмоқда.Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижро ҳужжатлари бўйича нарх ошиб бориши тамойили асосида ўтказиладиган аукционларга қўйилган мол-мулкларнинг (автотранспорт ва кўчмас мулк) бошланғич нархи бозор нархида белгиланган тақдирда, потенциал сотиб олувчилар ушбу мол-мулкка қизиқиш билдиришмаяпти ҳамда бундай мол-мулкларни савдолашиш имкони бор бозорларда сотиб олишни афзал кўришмоқда. Натижада, мол-мулкка қизиқиш бўлмагани сабабли, такрорий аукционлар нархни тушиб бориши тамойили асосида ўтказилиб, мол-мулклар арзон нархда сотилиши имконияти ошмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги тартиб мол-мулки мавжуд қарздорларни ихтиёрий равишда ўз мулкини сотиб қарзини ихтиёрий тўлашга ундамаяпти. Ваҳоланки, хорижий давлатлар тажрибасида мол-мулклари арзон нархда савдога қўйилиш хавфи қарздорларни ихтиёрий равишда суд қарорини ижро қилишга ундовчи энг таъсирли воситалардан ҳисобланади.

Бундан кутилаётган натижа фуқаро ва юридик шахсларни суд қарорларини ихтиёрий равишда ижро этишга ундовчи механизм яратилади; нарх ошиб бориши тамойили асосида ўтказиладиган аукционларда талабгорлар сони ошиши ҳамда мол-мулклар юқори нархларда сотилиши таъминланади; ижро ҳужжатлари ижроси мол-мулк сотилмаётгани сабабли чўзилиши ҳолатлари камаяди.

Суҳбатдош Аброр Зоҳидов, тасвирчи Асад Алланазаров.

Манба : Kun.uz

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here