Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги танқидларга жавоб берди

0
77

Ижтимоий тармоқдаги “Француз тили Ўзбекистонда ўгайми ёхуд француз тили ўқитувчиларининг тақдири нима бўлади? Уларни нима кутмоқда?” номли постга Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди.

Умумий ўрта таълим мактабларида қайси хорижий тилни ўқитиш масаласи ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари асосида ихтиёрий ҳал этилади. Мактаб маъмурияти бирор хорижий тилни ўқитилишини мажбурий тартибда йўлга қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Бунинг учун энг зарурий шарт — танланган хорижий тил бўйича мактаб малакали ўқитувчи билан таъминланганлиги ҳисобланади. 

2019-2020 ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 918 тасида француз тили хорижий тил сифатида ўқитилди. Ушбу мактабларда 221 107 нафар ўқувчи француз тилини ўрганмоқда. Бундан ташқари, республикамиз бўйича француз тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 10 та мактаб фаолият юритмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 701-сонли “Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда хорижий тилларни, жумладан, француз тилини ўқитишни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қарор билан республикамизда француз тилини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишга ихтисослаштирилган 6 та умумтаълим мактаби ташкил этилди.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 11-синф битирувчиларига халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда ўтказилган танлов натижаларига кўра француз тилидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича Франциянинг Test DELF (Diplome dʼÉtudes en Langue Française – француз тилини ўрганганлиги тўғрисида) сертификати бериш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.

Олий таълим муассасаларининг хорижий филология йўналишини тамомлаган мутахассисларни истисно тариқасида, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, француз тили мутахассислиги бўйича бепул қайта тайёрлаш амалга оширилади.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида юртимиздаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган француз тили ўқитувчиларининг мунтазам равишда Франция Республикаси малака ошириш дастурларидаги иштироки йўлга қўйилган. Жумладан, 2019 йилнинг 8-21 июль кунлари 5 нафар, 2-13 декабрь кунлари 5 нафар ўқитувчилар Франциянинг Монпелье шаҳридаги тил ўргатиш марказида малака ошириб қайтди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here