Рухсат беринг, биз ҳам яшайлик!

0
99

Бугун ТВ коррупцияга қарши кураш жараёнларига оид лавҳа берди. Масалага йўл-патруль хизмати ходимлари муносабат билдириши тарғиботнинг чуқур ва жиддий эканлигини кўрсатади.

Мухбир саволига жавоб бераётган инспектор боди камераларнинг аҳамияти ҳақида гапириб, бу ҳайдовчи ва ходимларни хушёрликка чорлайди, коррупциянинг олдини олади, дея изоҳ айтди.

Кеча 10 та ОТМ ректори ишдан олинганини ёзишди. Кунда-кунора ТВмиз божхона ходимлари, кадастр бўлими ишчилари, МФЙ масъулларининг қўлга олинганлигини кўрсатишяпти. Бу жиддий кураш бошланганидан дарак беради.

Бироқ мени бу кураш жамиятнинг қайси қатламларигача кириб бориши қизиқтиряпти. Масалан, узоқ йиллардан бери бир жойдан жилмай турган баъзи “азим аъён”ларимизгаям дахл қиладими, бу кураш?..

Эл орасида номи бору, ўзи кўринмайдиган, худди арвоҳдай мифлашиб кетган яширин олигархларимизни айтяпман. Халқ жуда зукко: фалончи бино, завод, корхоналар, данғиллама ҳовлилар …аканики, у кишининг четда фалон-писмадон мулклариям бормиш, дейди. Ва кўп ҳолларда адашмайди.

Ўша “ака”ларнинг ижтимоий келиб чиқиши билан танишсангиз, “оддий колхозчи” оиласидан чиққан бўлади. 50 йилдан буён тепада бир кабинетда ўтирган колхозчининг боласи бунча мулкни қаёқдан олган? Ҳизр бобога йулиққанми ё ?..

Очиғи, шунақа “камтар ва камсуқум” одамларни кўрсанг, баъзан раҳминг келиб бир-икки сўм бервораймиям дейсан… Шундай мулойимки… Аслида эса айнан шундайлар узоқ йиллар ТВдан “Оталар сўзи”га ўхшаш сентементал кўрсатувлар, ҳинд кинолари, газеталарда эса одамийлик ва ҳалоллик ҳақида мақолалар бердириб, халқни алдаб келди. Ситам ва азобларда яшашга мажбурлади…

Бугун эса ҳаммаси тескарисига (улар учун) кетди. Президент коррупцияга қарши уруш очди. Унинг томирини қирқаман, халқ ҳам яшасин деди, одамларам кун кўрсин деди… Ва бу энг тўғри ва халқона қарор бўлди.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here