“Тўй ва маросимларни тартибга солишда журналист ва блогерларнинг ёрдами керак”

0
76

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ҳар иккала палатанинг ялпи мажлисларида маъқуллангани учун қонун кучига тенг дейиш мумкин.

УШБУ ҚАРОРНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ НИМАЛАРДА КЎРИНАДИ?

Очиғи, тўйларни тартибга солишга юртимизда бундан 100 йил муқаддам жадид боболаримиз имкон қадар ҳаракат қилишган. Айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий “тўй ва аза исмидаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов” бўлаётганини куюниб ёзган.

Беҳбудий “Ойина” журналининг 1915 йилдаги нашрида шундай дейди: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз илм ва дин йўлиға сарф этсак, оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

photo_2020-02-19_08-47-33.jpg

Бир аср аввал миллатимизни тараққиётдан тўсган тўйдаги ортиқча дабдаба, афсуски, бизнинг даврда янада авж олди.Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда. Хорижда ишлаётган аксар юртдошларимизнинг ҳаёти, иш шароити қанчалар қийинлиги, йўллардаги фожиалар ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида тез-тез кўриб, билиб турибмиз.

Баъзилар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошларнинг танқидларидан, қоралашидан, умуман олганда, жамоатчилик босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда. Қарздорликдаги оғир гап-сўзлар туфайли умрбод юз кўрмас бўлиб кетаётган яқинлар ҳам, минг афсуски, орамизда йўқ эмас.

Мана шунга ўхшаш хунук ҳолатларга чек қўйиш мақсадида, миллионлаб юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб Парламент қарор қабул қилди. Қарор билан низом тасдиқланди ва жорий йилнинг 1 январидан низом кучга кирди. Низом талаблари хусусида батафсил айтиб ўтириш ортиқча, деб ўйлайман. Чунки қарор ва низом деярли барча ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди. Аҳоли томонидан кенг муҳокама этилди.

photo_2020-02-19_08-47-37.jpg

Сенаторлар ва депутатлар ҳудудларда аҳоли билан учрашувларда Қарор ва низом талаблари ҳақида батафсил тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Мен шу ўринда Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек, фуқаролар йиғинларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар фаолияти жонланди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тўй ва маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш ёки тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бузиш ҳолатларида қўлланиладиган жарима миқдори белгиланган. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқуллангандан кейин Сенат муҳокамасига киритилади. Ўйлайманки, бу масала тез кунларда ҳал бўлади.

photo_2020-02-19_08-47-41.jpg

Парламент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ташкил этиш ва уни ўтказишда фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини ташкил этиш тартиби” ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими томонидан 2019 йилнинг октябрь ойида “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво” лойиҳаси тайёрланди.

Имом-хатиблар томонидан кундалик намозларда, жума маърузаларида ва бошқа тадбирларда “Маърака маросимларнинг мазмун-моҳияти”, “Исрофгарчиликни олдини олиш”, “Дабдабабозликка йўл қўймаслик”, “Бидъат ва хурофотларга барҳам бериш”, “Шукроналик фазилатлари”, “Муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш”, “Бугунги тинч — осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш” каби мавзуларда тарғибот ишлари амалга оширилди ва ҳозирги кунга қадар ҳам давом этиб келмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 7 бандлик соҳа ходимларнинг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ Ислом дини таълимотларига, миллий қадриятларга, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган одатларнинг олдини олиш” бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пуллик автотранспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини алоҳида назоратга олинди.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан юқорида айтилган низомнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тарқатма материаллар (аннотация ва слайдлар) тайёрланиб, аҳоли ўртасида кенг тарғибот тадбирлари амалга ошириш мақсадида ҳудудий адлия органларига юборилган.

Бугунги кунга қадар адлия органлари томонидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича жойларда жами 2793 маротаба тарғибот тадбирлари амалга оширилди, 2063 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, 31 маротаба телевидение ҳамда 64 маротаба радио орқали чиқишлар ташкил этилди, 395 маротаба газеталарда мақолалар чоп қилинди.

Ўтказилган тарғибот тадбирларининг 1172 таси маҳаллаларда, 374 таси меҳнат жамоаларида, 287 таси таълим муассасаларида ҳамда 230 таси бошқа жойларда ташкил этилди.

Шунингдек, ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари томонидан жами 1482 та тўйхона эгалари билан учрашувлар ўтказилиб, тўй харажатларининг асоссиз икки-уч баравар миқдорда ошириш ҳолатларини олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биргина январь ойида оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида тўйлар мавзусида жами 473 та материал эълон қилинди.

Мазкур материалларнинг 162 таси матбуотда, 90 таси “Фейсбук” ижтимоий тармоғида, 59 таси телеканалларда, 60 таси радиоканалларда, 58 таси “Телеграм” мессенжери, 44 таси веб-сайтларда жойланган.

Телеканалларда асосий урғу ўзбек миллий маросимларининг узоқ йиллик тарихи, келиб чиқиши, даврий ўзгариши, шунингдек, шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг миллий урф одатлари ҳамда анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланаётгани, шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва уни бартараф қилишдек жиддий ҳолатларга қаратилган.

Ижтимоий тармоқларда мавзу юзасидан “Аҳоли муаммолари ўрганилмоқда”“Тўй ўтказишдаги мусобақаларга чек қўйиладими?”“Тўй-ҳашамлар тўғрисидаги қарор кучга кирди” сингари постлар тарқатилиб, фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Шу ўринда ҳурматли журналистларимизни бир масалага эътиборли бўлишга чақираман. Қароримиз номида “тўй-ҳашам” деган жумла йўқ. Ахир биз айнан ортиқча ҳашамга қарши курашиш мақсадида қарор қабул қилдик. Шунинг учун қарор номи ҳақида гап кетганда “тўй-ҳашам” жумласини ишлатмасликни сўрайман. Таассуфки, парламент қарорини мана шундай ном билан ёритаётган матбуот нашрлари учраб турибди.

Қарор талаблари ҳақида турли мутасадди вазирлик ва идоралар аҳоли орасида тарғибот ишларини кенг қамровда олиб бормоқдалар. Жумладан, Республика Маҳаллалар кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Тўй ва маросимларни тартиблаштириш бўйича мурожаати қабул қилинди. “Нуроний” жамғармаси фаоллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда республикамизнинг барча маҳаллаларида ўтказилган “Дабдабали тўй — бахт кафолати эмас”, “Маънавият оиладан бошланади” мавзуларида 9563 маротаба тадбирлар ўтказилиб, уларга 539 739 нафар аҳоли вакиллари жалб этилди.

Тўй ва маросимларнинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш борасида 10058 маротаба никоҳ ёшидаги 622 922 нафар ёшлар билан тарғибот тадбирлари, учрашувлар ўтказилди. Никоҳдан ўтаётган 357 жуфт келин-куёвлар учун оила маънавияти, ахлоқи ва аждодларимизнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитларини ўз ичига олган тавсиялар етказиб берилди.

Тўй ва маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш бўйича хотин-қизлар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида 7 936 маротаба тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларга 375 645 нафар хотин-қизлар жалб этилди.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида маҳаллаларда ўтказилган “Ота-оналар университети”ларининг 1362 та машғулотида 15 644 нафар хотин-қизларга сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди.

Ҳудудларда хонадон эгалари томонидан режалаштирилаётган намунали тўйлар рўйхати туман (шаҳар) кесимида тузилиб, ушбу рўйхат ҳар ойнинг 5-санасига қадар Республика кенгашига тақдим этиб борилмоқда.

Маҳаллаларда намунали тўй ва оилавий маросимлар ўтказишни режалаштирган 1 565 нафар оилалар вакиллари билан суҳбат ўтказилди. Аҳоли билан ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида 345 та хонадон эгалари томонидан 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида намунали тўйлар ўтказилди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолининг маънавий дунёқараши ва маърифатини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган Ҳамкорлик Дастури қабул қилинди. Ҳамкорлик дастурининг IV бўлимида айнан “Тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш” борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга тааллуқли масалалар қамраб олинган.

“Нуроний” жамғармаси томонидан маҳаллаларда нуронийлар иштирокида ишчи гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, Қарорда кўрсатилган талаблар асосида тўйлар ихчам ва камхарж қилиб ўтказилиш юзасидан тушунтиришлар олиб борилмоқда. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида нуронийлар бошчилигида эҳтиёжманд оила фарзандларининг тўйлари ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийлар иштирокида намунавий тўйлар тарзида ўтказиб берилган.

Барча вилоятларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ҳамда тартибли ўтказишда маҳаллаларда нуронийлар бош-қош бўлмоқда. Ҳудудий бўлимлар вилоят ва туман депутатлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда учрашувлар, давра суҳбатлари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Айниқса тўй ва бошқа маросимларга бош бўлувчи хотин-қизлар билан ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва ёш оилаларни миллий қадриятлар асосида аҳил-иноқ яшашларига, мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш кераклиги тушунтирилмоқда.

Шунингдек, ёшлар иштирокида ота-оналар билан ўтказилаётган суҳбатларда оиланинг муқаддаслиги, фарзандлар тарбияси, тинчлиги масалалари қамраб олинган. Тўйдан аввал маҳаллада нуронийлар иштирокида санъаткорлар, автомашиналар ва тўйхона масалаларида тўй эгалари билан маслаҳатлашиб, келишиб олинмоқда.

Ўзбекистон савдо-саноат палатасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда барча ҳудудий бошқармалар томонидан тўйхона эгалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар иштирокида учрашувлар ташкиллаштирилиб, тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 580 тадан ортиқ давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказилган.

Учрашувларда талаба-ёшларга тўй ва маросимларнинг мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги, халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган ҳолатлар эканлиги ва бундай салбий иллатларга барҳам бериш лозимлиги тушунтирилди.

Шунингдек ўтказилаётган тадбирларда “love story”, автомашиналар кортежи, “оммавий маданиятнинг” салбий оқибатлари ҳақида маълумотлар бериб борилмоқда.

Очиғи, шунча тарғибот ишларига қарамай, ҳамон тўйларни дабдаба билан ўтказишга, қатор кортежлар ташкил қилишга уринаётган юртдошларимиз учраб турибди. Буни, айниқса, интернет саҳифаларида, ижтимоий тармоқларда кўриб турибмиз. Демак, қилаётган ишларимиз ҳали кутилган самара бермаяпти. Демак, сенаторларимиз, депутатларимиз, маҳаллий Кенгашларимиз, тўй бўйича тузилган комиссиялар, мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллалар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар етарли эмас.

Тарғибот-ташвиқотни, тушунтириш ишларини янада жонлантиришимиз зарур. Бунда бизга албатта ҳурматли журналистларимизнинг, айниқса, блогерларимизнинг ёрдамлари керак бўлади.

Биргаликда иш олиб борсак, дабдабали тўй қилган одамни жаримага тортиб, кенг муҳокама қилиш осон. Лекин юртдошларимиз билан тўйдан олдин маслаҳатлашиш, тантана ва маросимларни ихчам ўтказишнинг ўзига, фарзандларига, жамиятимизга фойдаси ҳақида кенг тушунчалар бериш биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт.

Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак.

Бахтиёр Сайфуллаев,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here