Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Берлиндаги халқаро туризм ярмаркасида намойиш этилди

0
1,178

Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтган ITB Berlin – 2017 халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.Кўргазма энг йирик халқаро сайёҳлик анжуманларидан бири бўлиб, бу йил унда 187 мамлакатдан 10 мингдан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этди. Кўргазмага 200 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
Мазкур тадбир сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган бўлиб, унда саёҳат, фаол туризм, спорт туризми ва спорт маҳсулотлари, сайёҳлик ва ахборот технологиялари, ёшлар туризми, экотуризм, маданий сайёҳлик, сайёҳлик бизнеси, круиз каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилишича, Мессе Берлин кўргазма мажмуасида ўтказилган анъанавий анжуманда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, Ўзбекистоннинг Asia Adventures, Havas Tour, Compass Tour, Registon Travel, Sitara International, Sarbon Tour, Olympic Tour Service, Azimut Samarkand Travel, Dolores Travel Services, Euroasia Travel, Bella Asia, Oriental Tales каби қатор сайёҳлик компаниялари ўз хизматларини намойиш этди.
Ярмарка иштирокчилари Ўзбекистонда туризм соҳасида яратилган шарт-шароитлар, таклиф этилаётган хизматлар, меҳмонхоналар, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишди.Ушбу нуфузли туризм форумидан ўрин олган «Ўзбекистон» миллий стенди ўзига хос дизайни, миллий безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортди. Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, буклет ва нашрлар, халқ амалий санъати намуналари барчада катта таассурот қолдирди. Миллий куй-қўшиқлар ва ранг-баранг рақслар ижроси, Ўзбекистонда етиштирилган сархил мевалар ҳамда миллий таомлар йиғилганларга манзур бўлди.
https://telegram.me/protoday