Шавкат Мирзиёев: шифокорларнинг ўз касбига садоқати, меҳнати – жасорат намунаси

0
42

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказиб тадбир аввалида халққа мурожаат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Бугунга келиб мамлакатимизда вирус билан касалланганлар сони 65 нафарни ташкил қилмоқда.
Шу сабабли, Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиб, Инқорозга қарши курашиш учун жамғармага 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Бу офатдан халқимизни асраш бўйича барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилди.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилмоқда.
Мамлакатнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилди.
Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.
Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда.
Шунингдек, хориждаги фуқароларимизни қайтариш бўйича охирги 10 кун ичида 20 та чартер рейслар амалга оширилди ва қўшни давлатлар билан чегараларимиздан 80 мингдан ортиқ ватандошларимиз ўтказилиб карантинга олинди.
Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади.
Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак.
Тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Вилоят, шаҳар ва туман, 4 та сектор раҳбарларининг эпидемиологик осойишталик учун шахсий жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантираман. Сизлар коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, карантин режимини бузишнинг барча салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш бўйича туну кун ишлашингиз шарт.

Маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам кўп эътирозларим бор. Жойларда маҳалла фаолларининг роли умуман сезилмаяпти. Маҳалла раисларининг кўз олдида айрим фуқаролар кўп одамларни йиғиб, дабдабали маросим ва тадбирларни ўтказишни давом эттирмоқда.

Мисол учун, Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Беруний маҳалласида яшовчи аёл Умрадан қайтиб келиб, уйда карантинда бўлиш талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни 120 нафар кишини чақириб, дабдабали маросим ўтказган. Оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтиргани аниқланди. Яна қанча одам касаллангани ҳали номаълум.

Карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисида парламентимиз қабул қилган қонунни имзоладим. Бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Ишончим комил, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз бундай ҳолатга тушиб қолишни ҳеч қачон истамайди.

Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!

Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди.

Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here