Давлат солиқ қўмитаси блогернинг эътирозига жавоб берди

0
94

Кеча Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев тўйхонани ниқоб тикиш корхонасига айлантирган тадбиркорни “босгани” учун Давлат Солиқ қўмитасини танқид қилганди.

Давлат солиқ қўмитаси Чирчиқ шаҳридаги ноқонуний тиббий ниқоб ишлаб чиқариш ҳақида эълон қилинган материал юзасидан расмий баёнот берди:

“Сен халққа дўстми ёки айиққами?”

Ҳозирги шароитда ҳар бир вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад – мавжуд вазиятдан талофатларсиз, салбий оқибатларни имкон қадар камайтиришга қаратилган.

Бу борада, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлаш ва белгиланган санитария нормаларига риоя этиш, мамлакатимиздаги барча ташкилот ва идоралар, қолаверса, юртимизнинг барча фуқаролари учун мажбурий ҳисобланади.

Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан “Азия” тўйхонасида инсонларнинг ноқонуний йиғилиши бўйича аҳолидан “Ишонч телефони”га тушган эътирозлар асосида, бевосита жойига чиқиб ўрганилганида, қуйидагилар аниқланди.

Чирчиқ шаҳридаги “Азия” тўйхонасида, ҳозирги кундаги “фурсатдан фойдаланган” ҳолда, тиббий ниқоб ишлаб чиқариш “цехи” фаолиятида Республика комиссияси томонидан чиқарилган карантин қоидалари ва санитария талаблари қўпол равишда бузилган.

Чирчиқ шаҳар Санитария – эпидемиология назорати давлат инспекциясининг 2020 йил 4 апрелдаги далолатномасида, “Азия” тўйхонасида ташкил этилган тиббий ниқоб ишлаб чиқариш цехи мутлақо санитария нормаларига тўғри келмаслиги, жумладан, ходимларнинг температурасини ўлчаш йўлга қўйилмаганлиги, махсус кийим бош йўқлиги, кийимларни алмаштириш хонаси мавжуд эмаслиги, ишлаб чиқариш цехида ҳаво алмаштириш тизими йўқлиги, хонани тозалаш ва вируслардан зарарсизлантириш ишларини ташкил этиш учун зарур анжомлари ва дизенфекция воситалари билан таъминланмаганлиги қайд этилган.

Ишлаб чиқариш жараёнида, тасдиқланган минимал ижтимоий масофа (1,5 метр) сақланмаган ҳолда ташкил этилган иш шароити, карантин тартибларининг қўпол ҳолда бузилиши ҳисобланади ва коронавирус инфекцияси тарқалишига омил бўлади. Бу эса, ўша тўйхона биносида яширин ишлаётган 260 та (аниқлаштирилган маълумот) фуқароларимизнинг авваламбор ўзлари, қолаверса, улар билан алоқада бўладиган оила аъзолари ҳамда қанчадан-қанча инсонлар соғлиғига жуда катта хавф солишини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли.

Фақатгина тирикчилик мақсадида тайёрланаётган тиббиёт ниқоблари, ҳар куни юзлаб одамлар босиб ўтадиган бинонинг пол қисмидаги гилам устида тўпланиб, оддий полиэтилен пакетларига ўралган эди.

Тиббиёт мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу тиббиёт ниқобларини харид қилиб, уларни ишониб таққан ҳар бир инсонга вирус юқмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Чирчиқ шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти томонидан санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари бузилганлиги бўйича 2020 йил 6 апрель куни жиноят иши қўзғатилган.

Давлат солиқ қўмитаси, ҳозирги халқимизга қийин ҳолатда, ўз манфаатларини кўзламасдан, биринчи навбатда, халқ соғлиғи, карантин талаблари ва юртимиз аҳолисининг тинчлигини кўзлашга қаратилган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here