НОШУКУРЛИК ИДДАОЛАРИ

0
151

ЁХУД давлат эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатмоқда, айрим ношукурлар эса ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати пастлиги, грами камлигини иддао қилмоқда

Бизни ўраб турган борлиқ синоатлари олдида қанчалик ожиз эканимиз ҳақида кўнглидан кечирмаётган одам бўлмаса керак, шу кунларда.

Баъзан шундай воқелар бўладики, уларга ўзингча баҳо берасану, аммо бундан барибир кўнглинг тўлмайди. Шунда унинг асл ҳукми қандай бўлиши ҳақида ўйлаб қолади киши.

Кеча бир ношукур одам ҳақида видео кўриб қолдим. Видеода эҳтиёжманд оилалар учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини олган фуқаро шу нарсаларни тарозига тортиб кўриб, грами камлиги, гўёки сифати пастлиги ҳақида иддао қилган…

Видеони кўриб, таъбир жоиз бўлса, тилим калимага келмай қолди.

Тўғри, ношукурлик бўйича қонунда жазо йўқ. Бироқ, ношукурликнинг ҳукми борлиги аниқ. Жамиятда ҳам диний китобларимизда ҳам…

Минглаб одамлар қалбини ларзага солган ношукурлик воқеалари ҳақида юртдошларимизнинг муносабатларидан кўз юмиб бўлмайди. Чунки жамиятда кечаётган жараён, фикрлар, хулосалардан сабоқ чиқариб бориш ҳам керак. Вақти келса, ҳаққоний, адолатли фикрлар наинки тарбия воситаси, балки жамиятни ривожлантирувчи куч ҳамдир.

Қолаверса, жамоатчилик фикри шаклланаётган, жамоатчилик назорати вазифасини ўтаётган ижтимоий тармоқлар акс-садосига бефарқ қараш ҳам мумкин эмас.

Биргина Фейсбукнинг “Халқ билан мулоқот” гуруҳига “Ношукурнинг косаси оқармайди”, деган изоҳ билан жойлаштирилган видеоли постга бир кунда беш мингга яқин фойланувчи фикр ёзиб қолдирди.

Ҳақиқатан, эл бошига иш тушган шундай синовли кунларда баҳоли-қудрат берилган ёрдамни олиб, шукур қилиш ўрнига, маҳсулотларни видеога олиб, яна уларни тарозига тортиб кўриб, улардан камчилик қидириб ўтириш инсофдан бўлмади.

Бу ҳолатдан кўпчиликнинг қалби ларзага келди, десак муболаға бўлмайди. Айрим фикрларга эътибор қаратсак:

Dilbar Tajiyeva: “Тилинг бор экан – ношукурлик қилиб сайрайдиган, қулинг бор экан – давлатимиз берган озиқ- овқатларни уялмай кўрсатаяпсан, оёғинг ҳам бутундир – туппа тузук театр кўрсата оляпсан! Фақат уят йўқ эканда-а? Президентимиз, мутасаддилар ўзларини хатарга қўйиб одамларга мадад бўлишга ҳаракат қилмоқда. Сенга ўхшаган ношукурлар эса уялмай бутун дунёга жар солиб, нолиб ўтирибсан. Хайф сенга, йигит деган ном, ўзбек йигитларининг орини ерга урдинг!”; 

Асқар Аҳмедов: “Бу маҳсулотлар ёқмаган бўлса, олманг эди. Қўлингиздаги телфонни сотиб рўзғор тебратинг, унда”;

Muslima Salmanova: “Сендай ношукурларга овқат пишириб, едириб қўйса ҳам раҳмат демайсан”;

Abdulvoris Yo’ldashev: “Ношукурлик ҳам шунчалик бўладими?! Шундай оғир кунда олганингга шукур қилиб, ишлатмайсанми. Кичик оила 5-6 кун иссиқ овқат пишириб еса бўладиган маҳсулотлар-ку! Айнан шу нарсаларни қанча одамлар ўзининг пулига сотиб олиб, истеъмол қиляпди. Ёқмаса, нозик таъбингизга маъқул тушмаган бўлса, мард бўлиб қўни-қўшнига бериб юборгин эди. Шуларни пишириб, нафсинга ейсан-у, яна гапирасанми, ношукур?! Сандек ношуд, нодонларнинг касрига хақиқий муҳтожларга кўпчилик эҳсон беришдан ҳам чўчийди”…

Бундай фикрлар, ҳақли равишда билдирилган эътирозларнинг саноғига етиш мушкул. Чунки бу постни юзлаб фойдаланувчилар улашган ва уларнинг барчаси қизғин баҳс-мунозаларга сабаб бўлган.

Шу ўринда айтиб ўтиш ўринлики, мамлакатимизда жорий этилган карантин туфайли ёрдамга муҳтож бўлаётган одамлар, оилалар кам эмас. Уларга ёрдам бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилган. Марказнинг 1197 рақамли телефонига қўнғироқ қилаётганлар сони юзлаб эмас, балки минглаб. Сўнгги маълумотларга қарганда, марказга 10 мингдан зиёд мурожаат тушган. 

Мурожаат қилаётганларга кундалик рўзғорда зарур бўлган маҳсулотлар имкон қадар еткзиб берилмоқда. Бу савобли ишни амалга оширишда тадбиркорлар, идора ва ташкилотлар фаол иштирок этаётир. Маҳсулотларни манзилига етказишда эса волонтёрлар ва бошқа маъсул шахслар хизматда.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг якдиллиги, саховатпешалиги, сабру қаноати билан синовли кунларни бирма-бир ортда қолдиряпмиз. Насиб қилса, бу кунлар ҳам ўтади. Ҳаёт яна ўз маромига тушади. Шунда чинакам ғолиблар қийинчликда ўзини йўқотиб қўймаган сабрлилар бўлиши аниқ. Сабрлиларга эса Яратганнинг хушхабари борлигини эса ҳаммамиз яхши биламиз.

Ношукур эса бугун халқдан баҳосини олган бўлса, бир кун келиб қилмишига яраша насибасини олиши муқаррар.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here