Прокуратура. Валиев қилган ишни Машарипов такрорлади. Навбат кимники?

0
556

Баҳриддин Валиев Тошкент шаҳар прокурорлигига иккинчи марта тайинланиши (2019 йил, июль) ортидан биринчи қилган иши — прокуратура биносини ўраб турган темир панжараларни олдириб ташлаш бўлганди. Генералнинг (прокуратура тилида «3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси») кутилмаган «юриши» жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлгани рост: «халқ прокуратураси»га айланиши талаб қилинаётган тизим халққа очиқ бўлиши керак-да. Шунча йил панжара билан ўралиб, камига эшикни ичкаридан зичлаб ёпганча ишлангани етар?!

Шундан кейин кўпчилик прокуратуранинг барча бўғинида «панжарадан воз кечиш» бошланиб кетса керак, деган хаёлга борганди. Амалда ундай бўлмади: панжарадан қутилиш паранжидан қутилишдек осонга ўхшамайди.

Куни кеча Валиев қилган ишни Сирдарё вилояти прокурори Равшан Машарипов ҳам такрорлади: вилоят прокуратураси биносини гирд ўраган панжараларни олдириб ташлади. Бино қиёфаси «очилди-қолди». (Темир панжаралар давлат идораларига зеб бермаслигини шунданам билаверинг!) Бундан ташқари бинонинг қабул бўлими яқинида миллий услубда айвон қурдириб, мурожаатчилар учун яхшигина шароит яратибди.

Гап йўқ.

Демак, пойтахтда бошланган хайрли иш Сирдарёда ҳам кўриниш берди. Ажабмаски, шу баҳона тизимда «панжарадан воз кечиш» яхши анъанага айланиб, Бош прокуратура биносигача етиб келса…

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here