Ёшлар — миллат таянчи

    0
    28

    БМТ томонидан келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда бутун дунёда аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилиб, мамлакатимизда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.

    Таъкидлаш лозимки, юртимиз таянчи бўлган ёшларимизнинг камол топишлари учун давлатимиз томонидан ҳар қандай соҳада кенг имкониятлар яратилиб, бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

    Давлатимиз томонидан 2008 йил“Ёшлар йили” деб эълон қилинди ва мазкур йилда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Ёшлар йили” Давлат дастури тасдиқланди.

    Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь Ёшлар куни деб эълон қилинди. Ҳозирда Иттифоқнинг 7 миллион 690 минг нафар аъзоси мавжуд. Жойларда 8 нафар ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинланган. Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қиз сайланган, маҳаллий кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этади (манба: uza.uz).

    Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунга кўра  ёшларбу — ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар.

    Жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир.

    Ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимининг ҳуқуқий асослари сифатида бугунги кунга қадар 87 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

    Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ва “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисидаги Фармонлари ҳамда “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.

    Шу билан бирга, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган (манба: uza.uz).

    Оилавий ҳаётга оид муаммолар, психологик-педагогик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш тизими ҳамда ёшларга ижтимоий хизмат, ижтимоий ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг дам олиши ва уларни соғломлаштиришни ташкил этиш тизимини ривожлантириш ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари ҳисобланади.

    Давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, хусусан уларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ташаббусларини ривожлантириш борасида истиқболли дастурлар ишлаб чиқилиб, соҳага тадбиқ этилди. Жумладан, ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги 2018 йил 27 июндаги Фармони қабул қилинди.

    Мазкур дастур ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган.

    Дастур доирасида, жамғарма саъй-ҳаракати билан бугунги кунга қадар ёш тадбиркорларнинг 7 690 та бизнес лойиҳаларига жами 1 трлн. 614 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 40 мингга яқин янги иш ўрни яратилишига эришилган. Молиялаштирилган лойиҳаларнинг 3,5 мингдан зиёди ишлаб чиқариш соҳасида, 3 мингга яқини хизмат кўрсатиш ва мингдан ортиғи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалардир (манба: uza.uz).

    Юқорида қайд этилган ва бугунги кунга қадар амалга оширилган чора-тадбирлар мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятларини етарлича баҳолаган ҳолда ривожлантириш, тегишли шарт-шароитлар яратиб бериш давлатимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.

    Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида таъкидлаганларидек: “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”.

    Давлатимиз раҳбарининг юқорида таъкидлаб ўтган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг эртанги истиқболли келажагини иқтидорли ва салоҳиятли ёшларсиз тасаввур этиш қийин. Шу сабабли, улғайиб келаётган ёшларимизнинг ҳар томонлама камол топишлари учун уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт фаолиятларида алоҳида эътибор қаратиш барқарор ва истиқболли келажагимизни қуришдаги муҳим қадамлардан биридир.

    Д. Базарова,

    Тошкент давлат юридик университети

    профессори в.б.

    https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA

    ФИКР БИЛДИРИШ

    Please enter your comment!
    Please enter your name here