Юлий Юсупов: Марказий Осиё давлатларининг алоҳида иқтисодий иттифоқи тузилиши эҳтимолдан узоқ

0
892

2017 йил Ўзбекистон учун сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланиши йили бўлди. Қўшни — Марказий Осиё — давлатлари республиканинг ташқи сиёсатида бош устуворликка айланди, деб ёзади Kun.uz

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва соҳа вазирларининг минтақа давлатлари раҳбарлари билан кўплаб учрашувлари бундан гувоҳлик бериб турибди. Бу мулоқотларнинг бош мавзуси — барча соҳаларда, аввало, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликдир. Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов «Очиқ осиё онлайн»га Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун бундай интеграция нега бу қадар муҳимлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди.

— Мана, бир йилдан ортиқ вақт ўтдики, Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё минтақасида фаол интеграция сиёсатини юритиб келмоқда. Республика учун бу нега муҳим?

— Ўз чиқишларимда Ўзбекистон учун ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам минтақавий интеграция жуда фойдали ва зарур эканлигини бот-бот таъкидлаб келаман. Қисқача қилиб айтадиган бўлсам, буларга қуйидаги далилларим бор.

1. Минтақавий интеграция Марказий Осиё давлатларига минтақалараро меҳнат тақсимотидан қўшимча даромад олиш имконини беради.

Ҳар қандай давлат ўзи нисбий сарф-харажатлар бўйича устунликка эга бўлган товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришга ихтисослашишдан фойда кўради. Ишлаб чиқаришда ўзи ихтисослашган маҳсулотни экспорт қилар экан, мамлакат ўзи ишлаб чиқариши бефойда бўлган товарларни харид қилади. Бунинг натижаси ўлароқ, истеъмол имкониятлари кенгаяди, аҳолининг турмуш даражаси ошади.

Минтақа мамлакатларида халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперация устунликларидан фойдаланишга асосланган ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун улкан захиралар мавжуд. Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг аксариятида бош муаммо — миқёс кетидан иқтисод қилинишига изн бермайдиган тор ўтказиш бозоридир. Бозорнинг чекланганлиги сифати кўнгилдагидек бўлмаган ва кучсиз товар чизиғига эга бўлган кичик-кичик ярим қўлбола ишлаб чиқаришни яратади. Минтақавий интеграция эса маҳсулотларни ўтказиш бозорини жузъий тарзда кенгайтириб, рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналарининг ўсишига замин яратади.

Бундан ташқари, кластер форматда турли давлат корхоналарининг кооперациялашуви учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади. Савдо тўсиқларининг олиб ташланиши минтақамизда халқаро кластерлар яратилишига изн беради. Кластерлар нафақат ишлаб чиқариш секторида, айтайлик, туризм соҳасида, халқаро транспорт йўлаклари яратиш ва халқаро транспорт инфратузилмаси барпо этиш, экспорт маҳсулотларини узоқ бозорларга ҳамкорликда олиб чиқишда ҳам яратилиши мумкин.

2. Интеграция давлатларимизни хорижий инвесторлар учун янада жозибадор қилиб кўрсатади.

Барча давлатлар хорижий инвесторлар учун ўзаро рақобатда, уларни эса биринчи навбатда яхши ишбилармонлик муҳити ва ишлаб чиқарилган маҳсулот ўтказиладиган бозорнинг ҳажми қизиқтиради. Бозор қанчалик катта бўлса, инвесторларнинг қизиқиши ҳам шунчалик катта бўлади. Марказий Осиё иқтисодиётларининг ҳар бири унчалик катта эмас ёки жуда кичик ҳисобланади. Лекин Марказий Осиёнинг беш давлатида яшовчи 70 миллион аҳоли ва 300 млрд. долларлик ЯИМ мажмуи жозибадорлик касб этади. Лекин инвесторларга жозибали кўриниш учун минтақа давлатлари ягона иқтисодий макондан иборат бўлмоғи лозим.

3. Интеграция рақобатни кучайтиради, демак — маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини оширишга замин яралади.

Минтақа давлатларининг кўплаб бозорлари ўта монополлашган. Бунга сабаб ҳукуматлар томонидан ташқи савдо йўлига қўйилган тўсиқлар, «миллий ишлаб чиқарувчилар»ни ҳимоялаш учун берилган турли имтиёзлардир. Бундан ташқари, барча давлатлар иқтисодиётида табиий монополиялар ва давлат корпорацияларининг роли катта. Минтақанинг тижорат корхоналари кўпинча кучли рақобатга дучор бўлмасдан, сунъий қулай шароитларда фаолият кўрсатади. Натижада эса паст самарадорлик ҳамда ташқи ва ички бозорларда рақобатга дош беролмаслик юзага келади.

Минтақавий савдо-сотиқнинг ривожланиши, инвестицион ва меҳнат ресурсларининг давлатдан давлатга оқиб ўтиши, Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа шакллари миллий иқтисодиётлар ўртасида рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади ва бу билан иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки берилади.

— Бу интеграцион жараёнда сизнингча Ўзбекистонга қандай рол берилиши керак?

— Замонавий иқтисодиётда юзлаб, ҳаттоки минглаб соҳалар ва соҳачалар ўн, юз миллионлаб номдаги товар ва хизматлар, жумладан, хомашё, бутловчи қисмлар, асбоб-ускуналар, тайёр маҳсулот ва шу кабиларни ишлаб чиқаради. Бундай хилма-хилликка эга ишлаб чиқарувчиларимиз иқтисодиётнинг исталган секторида ўз ўрнини топа олади. Асосийси — ўз истеъмолчиларини топиш ёки қўшимча қиймат яратишнинг халқаро занжирига қўшилиш (масалан, материалнинг қандайдир тури ёки қандайдир детални ишлаб чиқариб). Шу сабабли, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар айнан қаерда ўзлигини топишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Фақатгина айрим жиҳатларга кўра (соф хомашё соҳаларини ҳисобга олмаганда) қўйидаги секторлар ва иқтисодиёт соҳаларида уларда бир қадар устунлик борлигини тахмин қилиш мумкин:

– текстил саноати (ўзининг хомашёси — пахта, жун, ипак бор);

– мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш (суғориладиган ер майдонлари ва қулай иқлим мавжуд), фақат шугина эмас;

– кимё саноати ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш (ер қаърида «Мендлеев жадвали»нинг деярли барча элементлари мавжуд);

– ишлаб чиқариш қувватлари яратилган ва маълум бир тажриба тўплашга улгурилган саноат маҳсулотларининг кўплаб турларини ишлаб чиқариш (салқин ичимликлар, кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг хомашёлари, мебель, пойабзал, қути ва ўрамлар, тиббий буюмлар, сигаретлар, маиший техника ва бошқалар.);

– хизматлар (туризм, логистика, транспорт, консалтинг).

— МО давлатларининг айримлари — Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари саналишади, бошқалар эса йўқ. Бу факт минтақавий иқтисодийинтеграция ғояси билан қанчалик уйғун?

— Бир томондан минтақа давлатларининг ЕОИИда иштироки (Қозоғистон, Қирғизистон) ёки иттифоқ томон ҳаракат (Тожикистон) бу давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик учун тўсиқларни бартараф этишга, минтақанинг бошқа давлатларига эса тўсиқларни қандай қилиб йўқ қилиш учун йўналиш бўлиб хизмат қилади.

Бироқ, бошқа тарафдан, бу ҳол иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам музокара жараёнларини бир мунча мураккаблаштиради. Чунки, иттифоққа аъзо бўлган давлатлар ўзининг ташқи иқтисодий сиёсатига эркин бўла олмайди.

Лекин, ўйлашимча, бу минтақавий иқтисодий интеграция жараёни учун енгиб бўлмас тўсиқ эмас. Истак туғилса доимо келишиш ва минтақа ичида ягона иқтисодий макон ҳосил қилиб, давлатларимиз ўртасидаги тўсиқларни олиб ташлаш мумкин.

— Назарингизда, Марказий Осиёда қайси тўсиқ ва чекловлар келгусида интеграциялашув учун халақит беради?

— Бу, биринчи навбатда, эркин савдо йўлидаги турли тарифли ва нотариф (техник) тўсиқлар бўлади. Хусусан, ҳанузгача четдан кираётган, жумладан Марказий Осиё давлатларидан кираётган товарларга ҳам импорт акцизлари қўлайди.

Айтайлик, давлат харидлари мобайнида ҳукуматлар томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ажратилаётган имтиёзлар рақобат муҳитини емиради ва қўшни давлат корхоналарини тенгсиз шароитларга дучор қилади.

Инсонларнинг эркин ҳаракатланишига виза режими халақит беради (масалан, Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан виза режимига эга), хорижликларни қайддан ўтказишнинг мураккаблаштирилган қоидалари (Бу Қирғизистондан ташқари минтақанинг барча давлатлари учун характерли).

— Истиқболда у ёки бу шаклда минтақавий иқтисодий иттифоқ тузилиши имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Минтақавий интеграцияни ривожлантириш учун бундай иттифоқ тузиш мажбурий шарт ҳисобланмайди. Уни иккитомонлама ёки кўптомонлама музокаралар ва битимлар асосида ривожлантириш ҳам мумкин. Ўрта муддатли истиқболда ЕОИИ сингари иттифоқ тузилиши эҳтимоли жуда паст.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA