Ереванда МДҲ тарихидаги энг катта митинг

22 апрель оқшомида Арманистон пойтахтида ўн минглаб кишилар митингга чиқиб, шаҳар марказидаги Республика майдонига тўпланди. Улар мамлакатнинг собиқ президенти, эндиликда бош вазир бўлиб олган Серж Саргсяннинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Қайд этилишича, мухолифат тарафдорлари 21 апрель куни қўлга олинган етакчилари Армен Григорян, Давид Санасарян, 22 январь куни полиция томонидан олиб кетилган депутатлар Никол Пашинян, Сасун Микаелян ва Арарат Мирзоян озод қилинишидан кейин янада катта куч билан намойишларни давом эттиришга қарор қилишган. Еревандаги намойишлар нафақат мамлакатнинг бошқа шаҳарлари, хориждаги арман диаспоралари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Эндиликда намойишчиларга Пашиняннинг партиядоши, «Гражданский договор» партияси аъзоси Ален Симонян раҳбарлик қилмоқда.

Ереванда сўнгги икки ҳафтадан бери Серж Саргсяннинг бош вазир этиб тайинланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда — Саргсян сўнгги 10 йил давомида мамлакатга президентлик қилган. Саргсяннинг президентлик даврида Арманистон президентлик республикаси эди, бироқ у референдум орқали Конституцияга ўзгартиш киритди ва энди парламентар республикага айланган Арманистонга яна раҳбарлик қила бошлади.

Энди намойишчилар 17 апрель куни бош вазир лавозимига тасдиқланган Саргсяннинг истеъфога чиқарилишини талаб қилмоқда. Шу куни парламентдаги «Елк» фракцияси депутати Никол Пашинян «Бахмал инқилоби» бошлангани ҳақида эълон қилди.

Намойишчилар Еревандаги кўчаларни ёпиб қўймоқда. 21 апрель куни намойишларнинг координаторларидан бири Армен Григорянга оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш айблови илгари сурилганди.

22 апрель куни Серж Саргсян намойишчилар раҳбари Никол Пашинян билан учрашувга келди, аммо мулоқот музокара босқичига етиб бормасидан собиқ президент учрашув майдонини тарк этди. Шундан сўнг махсус хизматлар намойишчиларни тарқатиб юбора бошлади.

Шу куни кечқурун эса кўчаларга юз мингга яқин киши чиқди, бу МДҲ тарихидаги энг йирик митингга айланди.

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

Қозоғистонда содир бўлган ЙТҲда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, етти нафари жароҳатланди

21 апрел куни соат 07:40 да Қозоғистоннинг Жамбул обасти Кордай тумани ҳудудидан ўтувчи «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» автомобил йўлининг 205 км. да «Олмаота-Чимкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Мерседес Спринтер» микроавтобуси тўкилган тош уюмига урилиб халокатга учраган. Микроавтобусда 19 киши бўлиб, уларнинг 17 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 киши ҳалок бўлган ва 8 киши шифохонага ётқизилган. Бирламчи маълумотларга асосан ҳалок бўлганларнинг икки нафари Ўзбекистон ва бир нафари Қозоғистон фуқароси, етти нафар жабрланганлар Ўзбекистон фуқаролари. Жабрланганлар Жамбул вилоятининг Кордай марказий шифохонасига жойлаштирилган.

ЙТҲда ҳалок бўлганлар:

Мадатов Ш., 1977 й.т.
Тешабуев А., 1971 й.т.

Жабрланганлар:

Жамалов И., 1971 й.т.
Хакимов А., 1969 й.т.
Калмурзаев Б., 1994 й.т.
Хусанов Э., 1986 й.т.
Давронов Х., 1976 й.т.
Мадатов А., 1968 й.т.
Мадатов Д., 1981 й.т.

Ҳалок бўлганларнинг жасади Жамбул областининг Кордай марказий шифохонасида сақланмоқда.

Ҳодиса муносабати билан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Тезкор рақамлари” ишга тушди: (+998 71) 147-10-50.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Дипломатик ваколатхонаси телефон рақами: +7 727 291-06-44.

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

 

“Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деганлари рост экан…

Шоҳжаҳон Жўраевга кўпчилик жуда манман, кибирли дея баҳо беришади. Аммо инсон билан гаплашмай туриб, асли қандай эканини билиш қийин. Бунга бугунги суҳбат орқали яна бир карра амин бўлдик.

— Репертуарингизда кўпроқ қайси мавзуга тўхталишни истардингиз?

— Ҳозирги замонда муаммога айланиб бораётган мавзуларга тўхталиш ниятим йўқ. Яъни, чет давлатлардаги ҳолатлар, қочқинлар, урушларда қурбон бўлаётганларга атаб қўшиқ куйламайман. Чунки инсонлар булар ҳақида ҳар куни интернет тармоқларида, телевидениеда эшитиб чарчашган, сиқилишган. Мен одамларни бу оламдан олиб чиқиб кетмоқчиман.

— Ижод  йўлингизга аҳамият берсак, умуман дуэт куйламаган экансиз?

— Бу нарсага умуман қизиқмайман десам, тўғрироқ бўлади. Мен қўшиқларимни ўзим ёзаман. Менга ҳамкорлик қилиш таклифини билдирганлар ҳам ўз қўшиғи билан келиши керак деб ўйлайман. Дуэт куйлайлик деган билан қўлида иши бўлмаса, бу ҳам тўғри эмас назаримда. Яна бир асосий жиҳатлардан бири овозларимизнинг бир- бирига тушиши. Лекин ҳозир эсладим, бир марта дуэт куйламоқчи ҳам бўлдим. Янги қўшиқ ёздим, умуман бошқа йўналишда. У кўпроқ Райҳон Ғаниеванинг стилига мос эди. Қани бир дуэт ҳам куйлаб кўрай-чи, деб, концертларнинг бирида таклиф ҳам билдирдим, ўзаро келишиб олдик. Бироқ айтяпман-ку, қизиқишим кучли бўлмагани учун ишни охиригача етказмаганман.

— Бугун сизни йўналишингизда қўшиқ куйловчилар жуда кўп. Овоз борасида ҳам ўхшашлар йўқ эмас. Уларнинг ижодини кузатиб турасизми?

— Мен ҳаммани ижодини кузатаман. Лекин уларнинг исмини ажратиб кўрсатмайман.

— Айтмоқчиманки, балки улар билан ҳам дуэт куйлашингиз мумкиндир…

— Мен уларга таклиф билан чиқмайман. Агарда кимнингдир хоҳиши бўлса, марҳамат. Рад жавобини бермайман. Аксинча, ҳатто айримларига фойдам ҳам тегади деб ўйлайман.

— Кинолардан таклиф тушса, роль ўйнашингиз мумкинми?

— Йўқ. Балки эпизодларда ўзимнинг феълимга яқин роль бўлса, ижро этарман. Бироқ, кино олами мен учун эмас.

—  Қандай қўшиқлардан илҳомланасиз?

— Бу ҳақида гапирмайман. Чунки интервьюни ўқиганлар нимадан илҳомланишимни билиб олишини истамайман.

— “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақлнинг исботини ҳаётингизда кўрганмисиз?

— Жуда кўп бора ҳаётимда ўз аксини топган. Сабаби табиатан ишонувчан инсонман. Бирор илтимосимни бажарган инсонга қаттиқ боғланиб қоладиган одатим бор. Бу заиф тамонимни ўзимга қарши қўллаганлар кўп бўлган.

— Ўзингизни ёлғиз ҳис қилган пайтларингиз ҳам бўлганми?

— Мен аксинча ёлғиз қолишни истайман.

— Эътибордан чарчаганмисиз?

— Йўқ. Жуда асабий одамман. Жаҳлим чиққанда, кайфиятим бўлмаганда, ёлғиз қолишни истайман. Бундай вазиятдан сукунат билан чиқиб кетаман.

— Бахтингизни бутун қилиб турганлар ҳақида гапириб берсангиз.

— Инсонни тўлақонли бахтли қилиши мумкин бўлганлар бу унинг оиласи, фарзандлари ва севимли иши деб ўйлайман.

— Фазандларингиз ҳақида гапни давом эттирсак…

— Нега? Келинг яхшиси бошқа мавзуга ўта қолайлик. Шахсий ҳаётимни муҳокама қилиб ўтириш ниятим йўқ. Санъаткорнинг санъати қизиқ бўлсин…

—  Яхши. Болаларингизнинг қайси саволларига жавоб тополмагансиз?

— (Ўйланиб) Болаларим кўп савол бермайди-ку, лекин жуда ажойиб гаплар ўйлаб топишади. Мисол учун қизим ёнимга келиб “Дада, юринг оймомони кўрамиз” деб қолади. Юр, деб қўлимда кўтариб, ҳовлига олиб чиқсам, “Ана оймомони қаранг, осмонга ёпишиб турибти” дейди.  Ишонасизми, бундай ўхшатишни мен шеърларда ҳам учратмаганман. Аммо насиб қилса келажакда ижодимда бу ўхшатмани, албатта қўллайман.

— Cуҳбатингиз учун раҳмат.

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

 

“Фиксик”лар “Пупсик”га ўзгаради! Ёки Болалар мюзиклини бекор қилмоқчи бўлганлар ким?

 

Салкам бир ойдан буён интернет тармоқларида эълон қилинаётган — “Фиксики Тошкентда” янги мюзикл шоуси ҳақида эшитган бўлсангиз керак…

Куни кеча “Proart” компанияси, ёзги таътил кунлари олдидан ташкил этилаётган ушбу байрамга тўсқинлик қилаётганлар ҳақида сўз очди.

Гап шундаки, Россиядаги “фиксик” қаҳрамонларининг муаллифлари, 26 майда бўлиб ўтиши керак бўлган дастурда улар яратган мультобразларнинг чиқишига эътироз билдиришган. Айтишларича, муаллифлик ҳуқуқи улар томонидан лицензияланган бўлиб, ўзлари яратган қаҳрамонларни ўзбек саҳнасида кўринишларини хоҳлашмайди. Аммо байрам дастури олдиндан эълон қилинган, устига-устак чипталар ҳам сотилганини эътиборга олган ҳолда, уни бекор қилиш мумкинми? Йўқ! Шунинг учун ҳам “Proart” раҳбарияти, муаллифларни юртимизга таклиф қилишди. Ва байрамда айнан ўзлари иштирок этишлари учун барча молиявий масалаларни ўз бўйнига олишди ҳам. Бироқ, минг афсуски, болажонларни севимли мультқаҳрамонларининг эгалари, “Фиксик”ларни Тошкентда “кўрсатишга” қаътий қаршилик билдиришди. Сабаб? Афсуски, бунинг сабаби ҳам ноаниқ.

 “Фиксик”лар эмас, “Пупсик”лар тамоша кўрсатади!

Ушбу хабарни ўқиб, энди мюзикл бекор қилинади, деб чипталарни қайтаришга ҳеч ҳам шошманг! Чунки болалар учун 26 май, соат  11:00, 14:00 ва 17:00 да ташкил этилган шоу — “фиксик”лар эмас, янги ном — “пупсик”лар сифатида эътиборингизга ҳавола этилади. Болаларни ҳайратини ошириб, кўзини қувонтирадиган “пупсик”лар юмшоқ ва катта ўйинчоқлар кўринишида бўлиб, сизларга манзур келишига ишончимиз комил. Кичкинтойлар эртаклардаги  қизиқарли воқеалар кетма-кетлигини саҳнада, жонли тарзда кузатиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.

“Фиксик”лар мехр оқибатни кўрсатади, аммо унинг муаллифлари бунинг аксини исботлашди!

Шу ўринда, юқоридаги тушунмовчиликка яна бир карра тўхталишни лозим топдик. Зеро, китобларда ёки экрандами, биз болажонларга яхшилик, эзгулик ва ён-атрофдагиларга мехр улашишни ўргантамиз. Қайси воқеани сўзламайлик, уларда фақат яхшилик ғолиб бўлган. Ҳатто бу келишмовчилик ҳолати ҳам бундан мустасно эмас. Россиялик “ижодкорлар” оддий сабабларни айтиб, байрам дастурини бекор қилишга қанча уринишмасин, буни уддасидан чиқа олишмади. Аммо масаланинг ўзи, очиғи, бизни бироз ўйлантирмоқда. Тўғри, Тошкентдаги ташкилотчилар  ўйлаб топилган қаҳрамон муаллифларни огоҳлантирмай, саҳнага олиб чиқмоқчи бўлишгани, йўл қўйилган кичик камчилик. Бироқ булар, “Фиксик”ларни экранда кўришга одатланган болалар учун қилинаётган ҳурсандчилик билан солиштирганда, катта муаммони туғдирмайди, назаримизда. Ахир, ижодкор қай ерда ишламасин, биринчи галда қалбларда инсонийлик, яхшиликни уйғотишни мақсад қилмайдими? Яна бир гап, ҳатто “Фиксик”лар юртимизга таклиф қилинса ҳам рад этишса… Очиғи, бу “ижодкор”ларнинг ҳаракат ва мақсадни тушуниш ва баҳолаш бироз қийин…

Аммо ташкилотчилар бўлиб ўтган кўнгил хирраликларга кўп эътибор бермай, “Пупсик”лар билан шоу дастурга ситқидилдан тайёрланишда давом этишлари қувонарли ҳол! Ахир, 26 майда бўлиб ўтадиган “Пупсиклар” билан учрашув мароқли ўтиши ваъда қилинмоқда! Бу мақсадда маррага эришиш шарт!

Демак, юртимиз барча болажонларини, 26 май соат 11:00, 14:00 ва 17:00 “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган, янги мюзикл шоу “Пупсиклар Тошкентда”га таклиф этамиз. Баҳорнинг сўнгги кунларидаги катта байрам, болалик хотираларида бир умрга сақланиб қолишига эса шубҳа йўқ.

Қўшимча маълумотлар учун: +99895 177 33 35

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

Расмий: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида янги тайинловлар

Ички ишлар вазири буйруғига биноан полковник Турсунов Рустам Раҳмонович Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига; 

генерал-майор Қодиров Ғайрат Тоирович Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига;

майор Нишанов Шуҳрат Юсупович Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

“Челси” ва “Манчестер Юнайтед” Англия кубоги финалида ўйнайди

Футбол бўйича Англия кубоги ярим финалида “Челси” ва “Саутгемптон” жамоалари ўзаро тўқнаш келди.

Қизиқарли ўтган учрашувда “Челси” рақибларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб финал йўлланмасини қўлга киритди.

Энди “Биллур соврин” учун бўлиб ўтадиган баҳсда “Челси” клуби “Манчестер Юнайтед” билан рақобатлашади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

Расмий: Янги тайинловлар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Адлия вазирининг тегишли буйруқлари билан Адҳам Муратович Турдиев – Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бошлиғи лавозимига; 

Умаров Дилмурат Абдиалимович – Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси бошлиғи лавозимига;

Исламбек Рустамбекович Рустамбеков – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланди.

 

ЎзА

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

23 апрель – Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни

1995 йилнинг 15 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференцияси 28-сессиясида резолюция қабул қилди. Унга кўра, маъриф ва маданий анъаналарни ривожлантириш мақсадида, 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 23 апрелда Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни нишонланади. Ўша йили болалар ва ўсмирлар адабиёти тарғиботи билан шуғулланганларни мукофотлаш мақсадида ЮНЕСКО мукофоти ҳам таъсис этилди. Чунки китоб илмни кенг тарқатиш ва билимни сақлаб қолишнинг бирдан бир манбаидир. 

 

Қабул қилинган резолюцияда шу куни китоб кўргазмаси ва ярмаркаларини ўтказиш тавсия қилинади. Тадбир ўтказишда бошқа мамлакат ва ташкилотларнинг тажрибасидан фойдаланиш ҳам кўрсатиб ўтилган. Масалан, 1926 йилда Испания қироли Альфонс XIII Мигеля Сервантес вафот этган 23 апрелда мамлакатда испан китоби кунини ўтказиш тўғрисидаги декретга имзо чекди. 1931 йилдан бошлаб кимда ким китоб харид қиладиган бўлса, унга атиргул совға қилиш аъанаси пайдо бўлди.

 

Бу кунни ёзувчи, шоир, ношир ва кутубхоначилар ҳақли равишда ўзларининг байрами сифатида кенг нишонлайдилар. Китоб туфайли биз нафақат илм оламиз, балки инсониятнинг ижодий ютуқлари ҳамда гўзалликни англаш йўлида маънавий ва руҳий озиқ оламиз. Китоб нафақат Ахборот тарқатувчи восита, балки илм ва ижод асоси ҳамдир. Ҳаётимизга ахборот олишнинг электрон манбалари тезлик билан кириб келаётганига қарамай китоб ўз аҳамиятини асло йўқотмади ва йўқотмайди. Чунки, айнан ёзув орқали онгли инсоният тарихи бошланган. Китоб орқали нафақат ўзимизнинг, балки бошқа халқларнинг маданияти, анъаналари ва тарихидан ҳам хабардор бўламиз. Китоб орқали инсон дунёни ўзича тушунади. Ўз қаҳрамонларини яратади.

 

Китоб — бу маданий хилма-хиллик дунёсига очилган эшикдир. Китоб турли замон ва маконлар цивилизациясини боғловчи кўприкдир. Шу ўринда покистонлик мактаб ўқувчиси ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзайнинг БМТ минбаридан туриб айтган сўзлари ёдга тушади. У юксак минбардан туриб: “Келинглар, қўлимизга китоб ва қалам олайлик. Улар бизнинг қудратли қуролимиздир!”, деган эди. Дарҳақиқат, денгиз қаъридан марварид олиб чиқилади, китоб қаъридан эса билим чиқади.

 

Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари кунини нишонлар эканмиз, ҳар бир халқ ва давлатнинг маданиятини сақлаш ва уни дунёга тарқатишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Китоб инсоният маданий меросини такомиллаштириш ва муҳофаза қилишдаги саъй-ҳаракатларимизда асосий кўмакдош ҳисобланади. Шу сабаб бўлса керак, йилдан йилга бу байрамга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда.

 

2001 йилдан бошлаб яхши бир анъана пайдо бўлган. Яъни, бир йил давомида қайсидир шаҳар Жаҳон Китоблари пойтахти мақомига эга бўлади. Шаҳар ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган қўмита томонидан танланади. Қўмитага ЮНЕСКО, Халқаро нашриётлар иттифоқи, Халқаро кутубхоналар уюшмаси федерацияси ва Халқаро китобсавдоси федерацияси вакиллари кирган.

Шу кунгача Жаҳон китоблари пойтахти шарафига Мадрид (Испания), Искандария (Миср), Деҳли (Ҳиндистон), Монреаль (Канада), Богота (Колумбия), Буэнос Айрес (Аргентина), Бангкок (Таиланд), Порт-Харкорт (Нигерия), Вроцлав (Польша) ва бошқа шаҳарлар муяссар бўлган. ЮНЕСКО қарорига кўра, ўтган йили Жаҳон Китоблари пойтахти сифатида Гвинея Республиксининг пойтахти Конакри эълон қилинган эди. Бу мақомга эришиш йўлида республика ҳукумати саводсизликни тугатиш, бадиий адабиётларни тарқатиш йўлида катта ишларни амалга оширди.

 

Бу йил Жаҳон Китоблари пойтахти сифатида Афина эълон қилинди. Бу шаҳар китоб саноатини қўллаб-қувватлашдаги фаол ҳаракати учун танланди.

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди. Бунда Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда.

 

Матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасида тегишли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинган. 1 минг 677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатидан ўтган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ҳам китоб тарғиботи йўлида мамлакатимизда амалга оширлаётган эзгу ишларнинг яққол кўринишидир. Қарoрга кўра, бу ерда доимий равишда китоблар кўргазмалари ва тақдимотлари, турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган адабий марказ ташкил этилади.

 

Шарофиддин Тўлаганов

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

Муҳаммад Салоҳ АРЛда энг яхши футболчига айланди

Англия профессионал футболчилар ассоциацияси мавсумнинг энг яхши футболчисини эълон қилди.

Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ мавсумнинг энг яхши футболчисига айланди. У ушбу сўровномада Кевин Де Брюйне (“Манчестер Сити”) ҳамда Н’Голо Канте (“Челси”) каби футболчиларни ортда қолдирди.

Маълумот учун, Салоҳ жорий мавсум премьер-лига доирасида жами 33та учрашувда иштирок этиб, рақиблари дарвозасига 31та гол урган. Шунингдек, у “Ливерпуль”нинг 10та голига ассистентлик қиган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

КХДРда хитойлик сайёҳлар ҳалокатга учради

Шимолий Кореяда йўл ҳалокати содир бўлди. Қурбонларнинг аксарияти хитойлик сайёҳлар.

Аввалроқ CGTN телеканали кеча тунда Корея Халқ Демократик республикасининг Хвэнхэ-Пукто провинциясида кўприкдан сайёҳлар автобуси қулаб тушиши оқибатида 30 нафардан зиёд инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

РИА Новостининг Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга асосланиб ёзишича, йўл транспорт ҳодисасидаги қурбонларнинг аксарияти хитойлик сайёҳлар бўлган.

ЙТҲ тафсилотлари ўрганилмоқда. Хитой ва Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари воқеа жойига чиққан.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

Теннисчи қизларимизнинг барча рақиблари аниқ

Қарши шаҳрида Халқаро теннис федерацияси – ITF мусобақалар тақвимидан жой олган мусобақанинг аёллар ўртасидаги асосий тўр баҳсларига қуръа ташланди.

Қуръа натижасига кўра, биринчи давра баҳсларида Севил Йўлдошева россиялик Ангелина Габуева, Нигина Абдураимова россиялик Маргарита Лазарева, Ясмина Каримжонова россиялик Полина Голубомская, Шаҳноза Ҳoтамова россиялик Ольга Дорошина, Оқгул Омонмуродова қозоғистонлик Ксения Палкина, Камола Умарова ҳиндистонлик Пранжала Ядлапалли, Албина Хабибулина россиялик Ксения Ликина билан куч синашади.

Бир оздан сўнг, эркаклар ўртасидаги мусобақада барча теннисчиларимизнинг рақиблари аниқланади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

“Титаник” кемасида тақдим этилган илк таомлар меньюси Буюк Британиядаги аукционда сотилди

“Титаник” кемасида тақдим этилган илк таомлар меньюси шанба куни Буюк Британиядаги аукционда 100 минг фунт стерлингга (140 минг АҚШ доллари) сотилди. Уилтшир графлигидаги Девицес шаҳрида ўтган савдоларни Henry Aldridge & Son аукцион уйи ташкил этган.

Иккинчи даражадаги зобит Чарльз Лайтхоллер кема бортидан менюни олиб чиқиб кетган. Қоғозга кеманинг техник синовлари вақтида яъни 1912 илнинг 2 апрель куни техник хизмат вакилларига берилган таомлар ёзилган.

Ўз вақтининг энг катта ва энг замонавий лайнери бортида ўша куни мол ёки товуқ гўштидан шўрва, қовурилган товуқ, исмалоқ қўшилган қўзичоқ ёки дудланган чўчқа гўшти асосий таом сифатида таклиф этилган. Шунингдек, гарнир сифатида нўхат, гулкарам, қайнатилган картошка берилган. Ширинликлар қаторидан эса пудинг, шоҳона ноклар, пирожний ва албатта қахфа ўрин олганди.

Лайтхоллер менюни 10 апрель куни кема Саутгемптондан Нью-Йоркка жўнаб кетишидан олдин хотинига берган. У ҳалокатдан тирик қолганлар орасида энг юқори даражага эга харбий хизматчи бўлиб, 1952 йили вафот этганди.

Аукцион сотувчиси Алан Олдридж савдолар олдидан буюмни энг ноёб менюлардан бири эканини айтди. Лот номи ошкор этилмаётган Британиялик коллекционер томонидан сотиб олинган. Техаслик бошқа бир харидор эса кема штурмани хонаси калитини 78 минг Фунт стерлингга (110 минг АҚШ доллири) сотиб олди.

Эслатиб ўтамиз Нью-Йоркдаги 2015 йил ўтказилган кимошди савдоларида “Титаник” кемасининг ҳалокати арафасида биринчи тоифа йўловчиларга тақдим этилган тушлик менюси 88 минг долларга сотилганди. Унга қараганда ўша куни казо-казо йўловчилар мерилэндча қовурилган жўжа, грилда пишган қўй қовурғаси, дудланган сардина, сардакли мол тили, итальян колбасаси ва немис пивоси билан меҳмон қилинган.

“Титаник” – ўз давридаги энг йирик океан лайнери бўлиб, 1912 йилнинг 14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси ўзининг илк рейси чоғида чўкиб кетган. Кема Атлантика уммонида айсберг билан тўқнашган. Ҳалокат оқибатида 1500 дан ортиқ инсон қурбон бўлди. Расмий маълумотларга кўра, фожиа “кема хавфли, музлаб қолган сувларда катта тезликда ҳаракатлангани ва жамоа айсберг билан тўқнашувнинг олдини ола билмагани» туфайли юз берган.

 

Нозима Тошпўлатова тайёрлади.

 

ЎзА

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA